Садир Жапаров: «Бош вазирликни тарқатиб, Халқ қурултойини киргизишни мен таклиф қилдим»

359

Президентликка номзод Садир Жапаров «7-канал»га интервью бериб, Конституциянинг янги лойиҳаси ва амалдаги бош қонун ҳақида фикрини билдирган.

*«7-канал» Казибек Ташиевга тегишли. У МХДҚнинг раиси, Жапаровнинг яқин дўсти Камчибек Ташиев билан ака-ука.

Садир Жапаров Конституциянинг янги лойиҳасига муаллиф бўлмаганини айтиб, Бош қонуннинг лойиҳасига фақат икки таклиф киритганини билдирди. Улар — премьер-министрнинг ваколатларини президентга ўтказиб, Халқ қурултойи идорасини киритиш.

Жапаров 2010 йилги Конституция Ўмурбек Текебаевнинг «шахсий манфаати йўлида» қабул қилинганини айтиб, уни аниқ «Хонлик конституцияси» деб атади.

«Конституциянинг бугунги лойиҳаси — бу 2010 йилдан бери муҳокама қилиниб келган лойиҳа. Бу 2010 йили Текебаевнинг Конституциясига альтернатива қатори киритилган лойиҳа бўлган. [...] Бу лойиҳанинг бошида Бекболсун Бўрубашев, Кадир Кошалиев, Азимбек Бекназаров, Баяс Турал (Абдрахман Алимбаев) бошчилигидаги яна 20дан ортиқ одам туради — муаллифлари», — деди Жапаров.

*Ҳозирда Жогорку Кенешнинг расмий сайтида Конституциянинг янги лойиҳасини 80 депутат таклиф қилгани ёзилган. Лекин Конституцияни ким ёзгани номаълум, шунингдек ташаббусчи қатори кўрсатилган бир қанча депутатлар Бош қонун лойиҳасининг муаллифи бўлишдан бош тортишди.

Жапаров амалдаги бош қонун бўйича «бутун ҳукумат президентнинг қўлида» деб ҳисоблайди.

“Спикерни ҳам, премьерни ҳам президент қўяди. Ютган партиялар ким спикер, ким премьер бўлади деб президентнинг кўзига қараб ўтиришади. Президент эса «фалончини спикер қил, тугунчини премьерга кўрсатинглар», «учовини коалиция тузинглар, бу иккисини мухолифатга қўйинглар» дейди. Мана шу Конституция билан 10 йилдан бери [яшаб келамиз]. Судларнинг ҳаммасини президент сайлайди — туман, вилоят, Олий суднинг, Конституциявий палатанинг ҳаммасини президент сайлайди”, — деди Жапаров.

*Конституцияга кўра, Жогорку Кенешнинг спикерини сайлашга ва премьер-министр бошчилик қилган ҳукумат таркибини қабул қилишга фақат депутатлар ҳақли. Президент уч кун ичида ҳукуматнинг қабул қилинган аъзоларини тайинлаши керак. Агар президент уларни уч кун ичида тайинламаса, улар тайинланган бўлиб ҳисобланмайди. Маҳаллий судларнинг судьялари Судьяларни танлаш бўйича кенгашнинг таклифи бўйича Президент томонидан тайинланади. Олий суднинг ва Конституциявий палатанинг судьяларини Жогорку Кенгаш сайлайди.

Шунингдек, Жапаров Ўмурбек Текебаев ва Роза Отунбаевани Конституциявий кенгашга қатнашишга чақирди.

“Академиклар, юридика фанлари докторлари, кандидатлар — ҳар тармоқдан 90 киши муҳокама [Конституциянинг янги лойиҳасини] қилмоқда. Кенгашнинг аъзоларига айтарим: ҳеч ким туртиб, зўрлаб, «эрта-индин қабул қил» деётган йўқ. Халқ муҳокамасига қўйинглар деяпмиз. Агар мамлакатнинг, халқ манфаатига қарши бўлмаса, халқдан таклиф тушса, ҳаммасини қабул қилинглар деяпмиз. Ўша Текебаев, Отунбаевалар кўчада гапирмай, ўша ерга бориб «мана бу нарсани олиб ташлайлик, буни қўшайлик» деб таклифини берсин. Уларни ҳеч ким ташқарига чиқариб қўймади”, — деди Жапаров.

*Конституциявий кенгашни президент вазифасини бажарувчи спикер Талант Мамитов тузган. Лекин Мамитовни кенгаш тузишга ҳуқуқи йўқ — бу парламентнинг қарори билан тузилиши керак. Бундан ташқари, Конституциявий кенгашда Бош қонуннинг янги лойиҳасини танқид қилган аъзолар деярли йўқ.

17 ноябрда Жогорку Кенешнинг 80 депутати Конституциянинг янги лойиҳаси таклиф қилиниб, жамоатчилик муҳокамасига чиқаришган. Янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдумни 2021 йилнинг 10 январида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Конституциянинг янги лойиҳасига мувофиқ, президентнинг ваколатлари кучайтирилиб, у беш йилдан икки муддатга сайланишга ҳақли. Шунингдек, Жогорку Кенешнинг депутатларини сони 90га қисқартирилиб, «Халқ қурултойи» органини киритиш таклиф қилинмоқда — у «маслаҳат, консультатив ва координация қилувчи юқори орган» бўлади.

Жамоатчиликда Бош қонуннинг янги лойиҳаси «Ханституция» деган ном олиб, бир қанча сиёсатчилар, фуқаровий жамият уни кескин танқид қилишди. Уларнинг орасида собиқ президент Роза Отунбаева, собиқ депутат Садик Шер-Нияз, депутатлар Канибек Иманалиев, Дастан Бекешев, Наталя Никитенко, сиёсатчи Адахан Мадумаров, «Реформа» партиясининг лидери Клара Сооронкулова ва сиёсатчи ФеликС Кулов ҳам бор.

22 ноябрда фуқаровий фаоллар Бишкекда «Ханституцияга йўқ деймиз!», «Бош қонун учун!» номли тинчлик юришини ўтказишди. Норозилик акциясининг қатнашчилари ҳукуматни узурпация қилишга ва ноқонунийликка қарши эканини айтишган.