«Атамбаев ва Кулматовни бирга қамайман деб айт». Бекназаров Ташиевга мурожаат қилди

360

Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси Азимбек Бекназаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиевни божхонадаги коррупция бўйича собиқ божхона ходими Райимбек Матраимовдан ташқари собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан божхонанинг собиқ раиси Кубаничбек Кулматовни қамашга чақирди.

Бу вақтгача МХДҚ Матраимов божхонада тузиб кетган коррупция схемасини аниқлаб, текширув ишлари бошланганини билдирган. Тергов версияси бўйича 2016 йилдан бошлаб божхона хизмати ходимлари — уларнинг орасида Райимбек Матраимов — ташқи иқтисодий фаолият олиб борган назоратдаги қатнашчилар билан биргаликда божхонада коррупция схемасини ўрнатишган. Ҳозирда Матраимовнинг схемасига алоқаси бор бўлган 40 божхона ходими аниқланди.

“Камчи укам, сен «Райимбек Матраимовни қамайман», деб айтдинг. Агар сен «холис қамайман» десанг, унда сен «Атамбаев билан Кулматовни бирга қамайман» деб айт. Мен Матраимовга тортмадим, менинг позициямни биласан. Атамбаев билан менинг 2010 йилдаги телефон орқали суҳбатимни эшитгансан. Шу сабаб бу коррупция системаси халқаро масштабдаги коррупция — Матраимов эса ундан бир солдат. Президентсиз, божхона раисисиз шу ерда бир ўринбосари шундай катта халқаро масштабда коррупция қила оладими? Қилолмайди!” — деди Бекназаров.

*Ижтимоий тармоқларда 2010 йили ўша вақтдаги муваққат ҳукуматнинг аъзолари Азимбек Бекназаров билан Алмазбек Атамбаевнинг телефондаги суҳбати тарқалган. Икки амалдорнинг ўртасида божхона тармоғидаги кадрларни тайинлаш бўйича тортишув бўлган. Бекназаров божхонага «Сооронбайнинг [Жээнбековнинг] одамини эмас» бошқа бировни тайинлагани учун Атамбаевдан норози бўлган. Шунингдек, Бекназаров божхона раҳбари Кубаничбек Кулматов ва Атамбаев бу кадр ўзгаришларига номи айтилмаган кишидан 400 минг доллар олганини айтган.

Ўша вақтда Сооронбай Жээнбеков Ўш вилоятининг губернатори, Кубаничбек Кулматов божхона хизмати раиси бўлиб ишлаган.

«Матраимов жавобгарликка тортилади»

МХДҚнинг янги тайинланган раиси Камчибек Ташиев «Матраимовнинг айби бўлса, жавобгарликка тортамиз» деб билдирган. Премьер-министр ва президентнинг вазифасини бажарган Садир Жапаров Райимбек Матраимов «қатъий жазо билан жавобгарликка тортилишини» билдирган. Шу билан бирга Матраимов Туркияга қочиб кетгани айтилган.

Бироқ бош прокурор Ўткурбек Жамшитов «Ала-Арча» резиденциясида ўтган парламент йиғинида Матраимовларнинг оила аъзоларига жиноий иш қўзғалмаганини билдирган.

Лекин Қорасув тумани ҳокими Тилек Матраимов «чегарадан ноқонуний ўтишда» гумон қилинмоқда — у 7 октябрь куни Ўзбекистоннинг чегарачилари томонидан қўлга олиниб, МХДҚга ўтказиб берилган. Ҳозирда Тилек Матраимов уй қамоғида.

Матраимовларнинг оиласи

Матраимовларнинг оиласи — ўлкада энг таъсирли кланларнинг бири. 2019 йили майда «Азаттык» Қирғизистондан 700 млн доллар чиқариб кетилганини ва бунга Матраимовларнинг оиласини алоқаси бор бўлиши мумкинлиги ҳақида суриштирувда чиқарган. Кейин Матраимовлар маблағларнинг олиб чиқилишига алоқаси йўқлигини билдирган. Молия полицияси журналистлар кўрсатган сабабларни текшириб, чет ўлкада Матраимовларнинг мулки топилмаганини билдирган.

2019 йили кузда OCCRP, «Азаттык» ва Kloop «Ипак йўлидаги контрабанда, коррупция ва кланлар» номли журналистик суриштирувни чиқариб, хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг қирғиз амалдори Райимбек Матраимов билан бўлган алоқаси ҳақида айтилган.

Журналистларнинг ахборотчиси — Айэркен Саймаити — ўлкадан 700 млн долларни ноқонуний чиқариб кетганини тан олиб, чигал коррупция олдин божхона раҳбарининг ўринбосари бўлган Райимбек Матраимовнинг ёрдами билан тузилганини билдирган. Саймаити суриштирув чиқишига 11 кун қолганда Истанбулда ўлдирилган. У Абдукадир билан муносабати бузилгандан кейин охирги йилларда Истанбулда яшаган.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев меросхўри Сооронбай Жеэнбеков билан давлат раҳбарининг Матраимовлар билан «дўст бўлгани» учун аразлашиб кетган гўё. Атамбаев Жээнбековни бир неча марта Матраимовлар билан алоқаси бор деб айбланиб, Райимбек Матраимовни «Райим-Миллион» деб атаб, Жээнбековни улар билан алоқаси бор деб кўп марта айблаган.