Олабуқадаги Иштамберди олтин конидаги саноатда ёнғин чиқди

359

Ижтимоий тармоқларда 19 октябрда Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида жойлашган Иштамберди конида ёнғин бўлгани тасвирга олинган видео лавҳа тарқалди. Мазкур конни «Фулл Голд Майнинг» компанияси ишлатади.

Лавҳани фейсбукка жойлаган фойдаланувчи Бекжан Станбековнинг айтишича, бино компаниянинг ходимлари пайвандлаш пайтида ёниб кетган. Шунингдек Станбеков ёнғин компаниянинг цианид сақловчи омборига етса, у куйиб ҳавога аралашиб, экология «катта зарар кўришини» таъкидлаган.

Фавқулодда ҳолатлар министрлигининг матбуот хизмати ёнғин ҳақида маълумот эрталабки соат 10лар атрофида тушганини маълум қилди.

«Ўтни ўчиришга соат 10:22да Чотқол туман №79 Ёнғин қутқарув бўлимидан 1 бўлим, соат 10:35да Олабуқа туман №73 ЁҚБдан 1 бўлим жалб қилинган», — деб билдирди муассасанинг матбуот хизмати.

Кейинчалик министрликдан соат 12:30да ёнғин чекловга олинганини билдиришди. Ҳозирда ёнғинни тўлиқ ўчириш ишлари бормоқда.

Иштемберди олтин конини «Фулл Голд Майнинг» компанияси ишлатиб келади. Маҳаллий яшовчилар олдинроқ мазкур компания олтин ишлаб чиқаришда «цианиддан фойдаланади» деб норози бўлишган. Бундан ташқари, яшовчилар бу компания «ишлатилган заҳарли моддаларни нотўғри сақлагани сабаб у ернинг қатламига сингиб кетганини» айтишган. Шу сабаб яшовчилар компания фаолиятини тўхтатсин деб талаб қилиб келишади.

«Фулл Голд Майнинг»нинг вакиллари эса бир неча йиллардан бери цианиддан фойдаланмаётганини билдиришган.

Енгил саноат, энергетика ва ер хазинасидан фойдаланиш давлат қўмитасининг сайтидаги маълумотга кўра, «Фулл Голд Майнинг» компанияси Иштамберди конининг 800 гектар ерида 2007 йили разведка ишларини бошлаган.

Бир йилдан кейин коннинг устки қисмидан 137,3 гектар ерни, кейинчалик 2011 йили қўшимча 157 гектар ерни ишлата бошлаган. Муассасанинг матбуот хизмати Иштамберди конида 25 тоннага яқин олтин борлигини билдирди.

Жамоат фаоли Уланбек Абдикеримов олдинроқ «Азаттык»қа Иштамберди конида 80 тоннага яқин олтин борлигини айтган — пулга ҳисоблаганда 4 миллиард доллардан ошади. Бироқ олтин кони хитойлик компанияга 25-30 миллион долларга «берилган».