Мақола янгиланиб туради
Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида ҳуқуқ тартибот органлари билан сайловнинг натижасига қарши чиққан бир неча минг намойишчиларнинг ўртасида тўқнашув бўлди. Унинг натижасида 6-октябрь куни тонгги тахминан соат 3да митингчилар Оқ уй ва МХДҚнинг биносига кириб боришди.
Президент Сооронбай Жээнбековнинг матбуот котиби Толгонай Стамалиева давлат раҳбари Оқ уйда тунги 2гача бўлганини билдирди. Ҳозирда митингчиларнинг бир қисми президентнинг иш кабинетини эгаллаб олган.
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев МХДҚнинг тергов қамоғидан ва собиқ депутат Садир Жапаров қамоқдан бўшатилди.
«Клооп»нинг мухбирлари билдиришича, депутат Жанар Акаев муваққат ҳукумат тузилишини ва шаҳар бўйича комендант тайинланишини айтди.
Тўқнашувлар натижасида 100дан ортиқ киши жароҳат олгани хабар қилинди. Уларнинг орасида депутатлар, куч тизимларининг ходимлари, шифокорлар бор.
Депутат Дастан Бекешев митингчиларга мурожаат қилиб, «Райим каби бўлмай» талон-тарож қилмасликка чақирди. Райимбек Матраимов — собиқ божхона ходими, бир неча журналистларнинг суриштирувларининг фигуранти.
Дастлабки маълумотлар бўйича, Матраимов мамлакатдан Туркияга учиб кетган.
Ҳозирда норози тараф марказий майдонда қайтадан тўпланмоқда. Уларнинг олдига Жапаров чиқиб нутқ қилиши кутилмоқда.
Бунга қадар Жээнбеков 6-октябрда парламент сайловига қатнашган 16 партиянинг лидерлари билан учрашишини билдирган. Бундай қарор Бишкекда сайловнинг натижасини тан олмаслик бўйича ўтган кенг норозилик акциясидан кейин қабул қилинган. Учрашув соат 11:00га режалаштирилган эди.
Сайлов натижасидан чиққан норозилик намойиши
Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида 5-октябрда таҳминан соат 11:00да сайловдан ўтмай қолган мухолиф партияларнинг муддатсиз митинги бошланган. Улар сайловни легитимсиз деб атаб, кўплаган қонун бузарликлар бўлганини таъкидлашади — овоз сотиб олиш, маъмурий ресурсни қўлланиш, сайловчиларга босим ўтказиш.
Митинг иштирокчилари сайловни тан олмасликларини билдириб, сайловни қайтадан ўтказишни талаб қилишган — «Ата Мекен», «Бир Бол», «Чонг Қазат», «Мекен Интимағи», «Социал демократлар», «Ордо», «Республика», «Мекенчил», «Бутун Қирғизистон», «Реформа».
Норозилик акциялари Норин шаҳрида ва Талас шаҳрида ҳам ўтмоқда.