Шикмаматов: Матраимовларни қамаш бўйича санкциялар чиқарилди

352

«Бир Бол» партиясининг лидери, собиқ депутат Алмамбет Шикмаматов вақтинча бош прокурор этиб тайинланди. Бу ҳақда Шикмаматовнинг ўзи «24.kg» нашрига билдирди.

Унинг айтишича, яқин соатлар давомида Шикмаматов Хавфсизлик кенгаши котиби, ўлканинг хавфсизлик тармоғига кураторлик қилаётган Ўмурбек Суваналиев ва ИИМ жамоат-сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилади.

Бундан ташқари у парламент сайловидаги қонунбузарликлар бўйича иш очилишини ва собиқ божхона ходими, журналистик суриштирувлар фигуранти Райимбек Матраимовга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғалишини таъкидлаган.

«Райимбек Матраимовни, Искендер Матраимовни, Тилек Матраимовни қамоққа олиш бўйича санкциялар чиқарилди. Шунингдек, Жогорку Кенеш депутатларини сайлашда оммавий фальсификацияга йўл қўйганлар ҳам қўлга олинади», — деб айтди Шикмаматов.

Бироқ, Шикмаматов Матраимовларга нисбатан Жиноят ва жазо кодексининг қайси моддалари билан айбланишини айтмади.

Бишкекда ўтаётган муддатсиз митинг

Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида 5 октябрда соат 11:00лар атрофида сайловдан ўтмай қолган мухолифат партияларнинг навбатдан ташқари митинги бошланган. Улар сайловни легитимсиз деб атаб, кўплаган қонунбузарликлар бўлганини таъкидлашди — овоз сотиб олиш, маъмурий ресурсдан фойдаланиш, сайловчиларга босим ўтказиш.

Митинг иштирокчилари сайловни тан олмасликларини билдириб, қайта сайлов ўтказишни талаб қилишган — «Ата Мекен», «Бир Бол», «Чоң Казат», «Мекен Интимағи», «Социал демократлар», «Ордо», «Республика», «Мекенчил», «Бутун Қирғизистон», «Реформа».

Тинчлик митинги кейинчалик сайлов натижасига қарши чиққан бир неча минг намойишчилар билан ҳуқуқ тартибот органлари ўртасидаги тўқнашувларга айланди. Шунингдек, намойишчилар 6 октябрга ўтар кечаси тунги соат 3:00лар атрофида Оқ уй билан МХДҚни босиб олишди. Натижада Алмазбек Атамбаев МХДҚнинг тергов қамоғидан ва собиқ депутат Садир Жапаров қамоқдан озод қилинди. Бундан ташқари, собиқ ҳукумат раҳбари Сапар Исаков ва фуқаровий фаол Равшан Жжэнбеков ҳам озодликка чиқди.

Тўқнашувлар натижасида 100дан ортиқ одам жароҳатлангани маълум қилинди. Уларнинг орасида депутатлар, куч тизимлари ва тиббиёт ходимлари бор.

«Ата Мекен» партиясининг лидери, депутат Жанар Акаев вақтли ҳукумат тайинланишини билдирди.

Депутат Дастан Бекешев митингчиларга мурожаат қилиб, «Райим каби бўлмай» талон-тарожликка йўл қўймасликка чақирди. Тасдиқланмаган маълумотлар бўйича, Райимбек Матраимов ўлкадан Туркияга учиб кетган.

Бироқ Суваналиев «Азаттык» радиосига берган интервьюсида чегара хизматига бирорта ҳам амалдорни ва номи тилга олинган кишиларни чиқармаслик ҳақида топшириқ берганини айтди.

Журналистик суриштирув

Райимбек Матраимов — Қирғизистондан 700 миллион долларга яқин маблағни яширин йўллар билан чиқариб кетилиши ҳақидаги журналистик суриштирувнинг фигуранти. Бу маблағларни 5 йил давомида курьерлар орқали ташиган Айэркен Саймаити журналистларга мазкур операцияларни Райимбек Матраимовнинг ёрдами билан амалга оширганини айтиб берган. Саймаитининг айтишича, Матраимов божхонадаги порахўрликни қўллаб, Абдукадирнинг яширин бизнесини гуллашига ёрдам берган.

Курьерлар тўсқинликларсиз Абдукадир оиласининг пулларини қонунийлаштиргандан кейин Саймаити ва унинг аёли Вуфули Бумайлияму маблағларининг бир қисмини Матраимовлар оиласига қарашли бўлган «Исмаил Ата» фондига ўтказишган.

Kloop, «Азаттык» ва OCCRPнинг биргаликда амалга оширган текширувлари эълон қилиниши арафасида Саймаити Истанбул шаҳрида ўлдирилган. Бу вақтгача Саймаитининг курьерлеридан бири Хусан Керимов қотиллик қурбони бўлган. Керимов ўша кеча тегишли манзилга етказиш учун нақд 1,6 миллион долларни олишга борган. Курьернинг жасади «Манас» аэропорти олдидаги машинанинг юкхонасидан топилди.

Хусан Керимовдан ташқари иш вақтида йўқ бўлиб кетган курьерлар ҳам бўлган. Керимов ўлдирилишидан бир ҳафта аввал «Мадина» бозоридан 37 ёшли савдогар Хуфур Абдурехманнинг жасади топилган. Бироқ у фақатгина савдогар эмас, «коллектор» ҳам бўлган — Абдурехман бошқа савдогарларнинг пулларини чет давлатларига чиқариш учун тўплаган.

Мазкур суриштирув жамоатчилик орасида резонансга сабаб бўлган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида минглаган одамлар «Оқ уй»нинг олдига коррупцияга қаршги митингга чиқишган. Йиғилганларнинг асосий талаби Райимбек Матраимовни қамаш ва реал ислоҳотлар ўтказиш бўлган.

Матраимовларнинг оиласи Kloop, «Азаттык» ва «24.kg» (бу нашр суриштирувларда қатнашмаган, у суриштирувлар ҳақида ўз сайтида эълон қилган) нашрини 60 млн сомлик даъво билан судга бергандан кейин фуқаролар иккинчи митингга чиқишган. Митинг иштирокчилари парламент олдидаги революция ҳайкалининг ёнига йиғилиб, ОАВларига босим ўтказишни тўхтатишни талаб қилишган.

Кейинчалик Матраимовлар «24.kg» нашрига қўйган даъвосини қайтариб олган. Бироқ улар Райимбек Матраимовнинг «ор-номуси билан тадбиркорлик мавқейига» зиён келтирди деб Kloopдан 12,5 млн сом, «Азаттык»дан 22,5 млн сом ва журналист Али Токтакуновдан 10 млн сом талаб қилишмоқда.