Атамбаев, Жапаров, Исаков ва Жээнбеков қамоқдан чиқарилди

473

Бишкекдаги митинг вақтида собиқ президент Алмазбек Атамбаев, собиқ депутатлар Садир Жапаров ва Равшан Жээнбеков, собиқ премьер-министр Сапар Исаков тарафдорлари томонидан қамоқдан бўшатилди.

Дастлаб митингчиларнинг айримлари Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг биносини босиб олиб, Атамбаевни озод қилишга ҳаракат қилишган. Сўзлашувлардан кейин у махсус хизматнинг тергов қамоғига чиқарилган.

*Атамбаев 2019 йили 9 августда қўлга олинган — шу кундан бери у зотилжам сабаб касалхонага ўтказилганини ҳисобга олмаганда, қамоқда бўлган. 2020 йил давомида судлар Атамбаевни криминалист Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилинишига боғлиқ иш бўйича «Коррупция» моддаси билан айбдор деб топишган. Собиқ давлат раҳбарига 11 йил қамоқ муддати берилган. Бундан ташқари, собиқ президентга яна тўрт жиноий иш бўйича айб қўйилган.

Кейин митингчилар №27 колониядаги сиёсатчи Садир Жапаровни озод қилиб, майдонга олиб келишган. Жапаров йиғилган халқни тарқалишга чақирган.

«Азаттык»нинг жонли эфиридан олинган скрин

*МХДҚ Садир Жапаровни 2017 йилнинг 25 мартида чет ўлкадан келган вақтда ушлаб, қамоққа олган. У ўша вақтда президент Алмазбек Атамбаев бўлган. 2018 йили суд Жапаровни Қоракўл шаҳрида ва 2013 йили Саруу қишлоғида «Қумтўр» олтин конини миллийлаштириш учун митингни молиялашда айбдор деб топиб, 11,5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Кейинчалик Олий суд бу муддатни бир ярим йилга қисқартирган.

Шунингдек, собиқ премьер Сапар Исаков Чуй вилоятидаги Молдовановка колониясидан озод қилинганини унинг оқловчиси Замир Жоошев маълум қилди. У билан бирга Атамбаевнинг тарафдори Меэрбек Мискенбаев ҳам бўшатилган.

*Сапар Исаков Бишкек ИЭМни реконструкция қилишдаги порахўрлик бўйича 2019 йили айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик Исаковга Тарих музейини ва Чолпон-Отадаги от майдонини таъмирлаш ишларида коррупцияга алоқаси бор деб айб қўйилиб, суд уни 18 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Бундан ташқари, №1 тергов қамоғидан собиқ депутат Равшан Жээнбеков озодликка чиқди.

*Равшан Жээнбеков 2019 йилнинг 12 декабрида қўлга олинган. Унга ўтган йилнинг август ойида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг уйини қамал қилишдаги воқеаларга қатнашгандан сўнг айб қўйилган. Ўша вақтда ҳукумат Атамбаевни порахўрлик бўйича айблаган эди. 16 декабрда Биринчи май туман суди Жеэнбековни ТИЗО-1га киритган.