Ўш: «Мекеним Кыргызстан»нинг номзоди фейсбукдаги пости учун милицияга чақирилди

388

«Мекеним Кыргызстан» партиясининг номзоди Шайлообек Атазов 26-августда Ўш ШИИБига «профилактик суҳбатга» чақирилди. Бу ҳақда «Клооп»га идоранинг матбуот котиби Замир Сидиков билдирди.

Унинг айтишича, Атазов фейсбукда «Биримдик» партиясининг вакили, депутат Азамат Арапбаев ҳақида ёзган пости учун сўроққ олинган. 

«Бундай провакация кайфиятидаги материалларни ёзмаслик ҳақида огоҳлантириш берилиб, ёзган материали экпертизага юборилди», — деди у.

Сидиков номзодга экспертизанинг хулосасига кўра чора кўрилишини қўшимча қилди. 

«Мекеним Кыргызстан» & «Биримдик»

Аввалроқ 23-августда Атазов ўзининг фейсбук саҳифасида пост ёзиб, унда «Биримдик» партиясининг вакили, депутат Азамат Арапбаевни «Ўшдаги идораларнинг раҳбарларига босим ўтказиб, паспортларни тўплашда» айблаган. 

«Ўшда Азамат Арапбаев деган Худоёрхон чиқибди! [...] Етакчиларга босим ўтказмоқда деб йиғлашяпти [...] Ҳар бир ишхона етакчиларини чақириб паспорт тўплатаётган экан. Бизга шикоят қилиб келишмоқда. Халқни қисиб президентни ҳам аҳолига ёмон кўрсатмоқда! Мен бундай одамларнинг ҳаракатлари тўхтамаса халқ билан бирга чора кўраман», —  деган у.

Шунингдек у Арапбаев бу ишларидан қайтмаса «ёшлар заправкаларини ёқиб юбормоқчи» деб огоҳлантирган. Кейинчалик номзод постини ўчириб, буни яқин дўсти илтимос қилгани билан изоҳлаган. 

Шайлообек Атазов собиқ спортчи, кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони, Ўш шаҳар кенгашининг собиқ депутати. Қирғизистондаги энг нуфузли Матраимовлар оиласининг яқин одам деб айтиб келинади.

Атазов Матраимовларга тегишли Ўшдаги EREM спорт клубини бошқариб, мураббий қатори ҳам ишлайди. Атазов «Мекеним Кыргызстан» партияси билан сайловга боради.

Қирғизистонда 4-октябрда Жогорку Кенешга сайлов ўтади.