«Мекеним Кыргызстан»нинг номзоди «Биримдик»нинг вакилини паспорт тўплашда айблади

415
Азамат Арапбаев ва Шайлообек Атазов

«Мекеним Кыргызстан» партиясидан парламент сайловига номзод Шайлообек Атазов 23-августда «Биримдик» партиясининг вакили, депутат Азамат Арапбаевни «Ўшдаги хизматларнинг раҳбарларига босим ўтказиб, паспортларни тўплашда» айблади.

Унинг айтишича, Арапбаевнинг бу ҳаракати президент Сооронбай Жээнбековга «ёмон гап теккизмоқда». «Биримдик» партияси жамоатчиликда «ҳукуматга яқин» деб айтиб келинади.

«Ўшни Азамат Арапбаев деган Худоёрхони чиқибди! [...] Раҳбарларга босим ўтказмоқда деб йиғлашяпти [...] Ҳар бир ишхона етакчиларини чақириб паспорт тўплатаётган экан. Бизга шикоят қилиб келишмоқда. Халқни қисиб президентни ҳам аҳолига ёмон кўрсатмоқда! Мен бундай одамларнинг ҳаракатлари тўхтамаса халқ билан бирга чора кўраман», — деб ёзган Атазов.

Шунингдек у,  Арапбаев бу ишдан қайтмаса, «ёшлар заправкаларини ёқиб юбормоқчи» деб айтган. Бироқ у бир оздан кейин ёзган постини ўчириб ташлаб, уни яқин дўсти илтимос қилгани билан изоҳлади.

«Аммо, бу Арапбаевнинг Ўшда қилаётган ишларига бундан кейин баҳо беришни тўхтатдим дегани эмас. [...] Ҳуқуқ тартибот органлари ва  Азамат Арапбаевнинг фейк кучуклари менга эмас, қайси президент келса ҳам ёнидан кетмайдиган маддоҳларга маслаҳат бериб, огоҳлантириб қўйинглар! Ўш шаҳри Арапбаевнинг шахсий уйи ёки хусусий фирмаси эмас!» — деди у.

«Биримдик» партиясининг матбуот котиби Адилет Султаналиев эса «Клооп»га «агар Атазовда маълумот бўлса ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилиши мумкин, акс ҳолда бу фитна қатори қабул қилинади» деб билдирди.

Азамат Арапбаев ким?

Арапбаев Ўш шаҳар кенгашининг аввалги ва Жогорку Кенешнинг ҳозирги депутати. Журналистлар 14-августда у «Биримдик» партиясининг Ўш шаҳридаги штабида юрганига шоҳид бўлган.

Ўша куни штабда муниципал хизматнинг раҳбарлари ва ҳодимлари тўпланган. Журналистлардан бири Арапбаевга партия «маъмурий ресурсдан фойдаланяптими» деган саволни берганда, у  «бинонинг ташқарисига чиқиб сайраларинг» деб жавоб берган.

Шунингдек, у Ўшдаги «Ош-Ойл ЛТД» МЧЖсига тегишли ёқилғи мой қуйувчи жойларнинг эгаси. Аммо 2019-йили Арапбаев солиқ хизматидан беш компаниянинг тенг уюштирувчиси эканини яширгани айтилган.

Шайлообек Атазов  ким?

Шайлообек Атазов собиқ спортчи, кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони, Ўш шаҳар кенгашининг собиқ депутати. Қирғизистондаги энг нуфузли Матраимовлар оиласининг яқин одам деб айтиб келинади.

У Матраимовларга тегишли Ўшдаги EREM спорт клубини бошқариб, мураббий қатори ҳам ишлайди. Атазов «Мекеним Кыргызстан» партияси билан сайловга боради.

Айрим экспертлар эса «Мекеним Кыргызстан» Матраимовларнинг оиласига тегишли деб ҳисоблайди — партиянинг олдинги қаторида депутат Искендер Матраимов бор. Шунингдек номзодларнинг орасида Матраимовларнинг вакили,  адвокат Канатбек Азиз ҳамда «Исмаил Матраимов» фондининг вакили, журналист Элнура Алканова ҳам бор.

«Биримдик» VS «Мекеним Кыргызстан»

Бунга қадар 19-августда Ўзган туманининг турғуни Нуркан Осмоналиев ижтимоий тармоқларда «Биримдик»нинг раҳбариятига мурожаат қилган. Унда у вице-спикер Аида Касымалиева турмуш ўртоғи тумандаги Ботобеков номидаги №53 мактабнинг директори Рахат Камбардиновага босим ўтказаётганини билдирган.

Осмоналиевнинг айтишича, Касималиева директорга «Нима учун ўқитувчилар  "Мекеним Кыргызстан" партиясига ишлаяпти?» деб савол бериб, уларнинг рўйхатини талаб қилган. Бунга далил қатори у What's App мессенжери орқали талабгор билан экани айтилган суҳбатларни келтирган. Аммо Касималиеванинг хатлари ўчирилгани сабабли аниқ нима ҳақида гап бўлганини айтиш қийин.

«Биримдик»дан номзод билан директорнинг ўртасида суҳбат бўлганини тасдиқлаб, аммо Касималиева у билан вице-спикер қаторигина гаплашган деб ишонтиришган. Шунингдек «Касималиева мактаб етакчиси лавозимидан фойдаланиб, ҳеч бир партиянинг номидан тарғибот ўтказишга ҳуқуқи йўқлигини тўғри таъкидлаган» деб билдиришди.

«Мекеним Кыргызстан» партияси мазкур жанжал бўйича изоҳ берганича йўқ.

Матраимовларнинг оиласи

Матраимовларнинг оиласи — Қирғизистон жанубидаги энг нуфузли фигуралардан бири бўлиб ҳисобланади. Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Матраимовлардан бири ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековнинг сайлов олди кампаниясини молиялаган деб ишора қилган.

Божхона хизматининг собиқ раҳбар ўринбосари Райимбек Матраимов — Қирғизистондан 700 миллион долларга яқин маблағни яширин йўл билан чиқариб кетилиши бўйича журналистик суриштирувларнинг фигуранти. Мазкур маблағларни 5 йил давомида оддий курьерлар орқали ташиган Айэркен Саймаити журналистларга бу операцияларни Райимбек Матраимовнинг ёрдами билан амалга оширганини айтиб берган.

Саймаитининг айтишича, Матраимов божхонадаги порахўрликни қўллаб, хитойлик тадбиркор Абдуқодирнинг яширин бизнесининг юришига кўмак кўрсатган. Курьерлар тўсқинликсиз Абдуқодир оиласининг пулларини "ювгандан" кейин, Саймаити ва унинг турмуш ўртоғи Вуфули Бумайлияму маблағларнинг бир қисмини Матраимовларнинг оиласига тегишли бўлган «Исмаил Матраимов» фондига ўтказган.