Қирғизистонда COVID-19 яна тўққиз нафар шифокорда аниқланди

Республика штаби Қирғизистонда яна тўққиз нафар тиббиёт ходими коронавирус юқтириб олганини билдирди.

Касаллик юқтириб олган тиббиёт ходимларининг етти нафари Жалолобод вилоятида қайд этилди. Шунингдек Бишкек шаҳрида ва Боткен вилоятида бир нафардан шифокордан коронавирус аниқланди.

Охирги суткада коронавирус юқтирган икки нафар тиббиёт ходими соғайган.

Шу билан коронавирус юқтириб олган тиб ходимларининг сони 3110 нафарга етди. Жами бўлиб 2 387 нафар ходим эса касалликдан соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19дан вафот этган тиббиёт ходимлари ҳақида охирги маълумотни 30-июлда берган. Ўша вақтда маълумотга кўра 73 нафар шифокор вафот этган.

Инфекцияга чалинган шифокорлар 200 минг сом, вафот этган тиббиёт ходимларининг оилалари эса 1 млн сом компенсация олишга ҳақли. Аммо пул кимга берилишини махсус комиссия ҳал қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги беш ойнинг ичида коронвирус билан курашган тиббиёт ходимларига бўлинган қўшимча тўловларга 807 млн 200 минг сом сарфланганини билдирган.