Коронавирус юқтирган яна 7 нафар шифокор аниқланди. COVID-19 касали аниқланган тиббиёт ходимларининг сони 3 045га етди

412

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоат соғлиқни сақлаш бошқармасининг етакчиси Айнура Акматова 19-августда коронавирус яна етти нафар тиббиёт ходимида топилганини хабар қилди. 

Бишкек шаҳридан ва Боткен вилоятидан уч нафардан, Иссиқкўл вилоятидан бир нафар шифокор коронавирусга чалинган. 

Бир суткада эса тўрт нафар тиббиёт ходими касалхонадан соғайиб чиқарилди. Бундан ташқари уйида даволанаётган икки тиббиёт ходими касалликдан тузалди. 

Шу билан коронавирус юқтирган тиббиёт ходимларининг умумий сони 3 045га етди, 2 363 нафар тиббиёт ходими касалликдан соғайди. Республика штаби 30-июлда COVID-19дан 73 нафар тиббиёт ходими вафот этганини маълум қилган. 

Ҳукумат иш вақтида коронавирусни юқтирган шифокорларга 200 минг сом, вафот этган тиббиёт ходимларининг оиласига эса 1 млн сом компенсация тўлаб беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан 3-августда билдиришича, иш вақтида коронавирусга чалинган тўрт нафар тиббиёт ходимига компенсация тўлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Аммо бунга қадар касаллик юқтирган 41 нафар шифокорга компенсация тўлаб берилгани маълум. 

Шунингдек, ҳукумат COVID-19дан вафот этган икки шифокорнинг — Қора-Қулжалик фтизиатр Альберт Исмаиловнинг ҳамда Бишкекдаги Оилавий шифокорлар гуруҳининг раҳбари Жузумкан Кокумбаеванинг — оиласига 1 млн сомдан компенсация тўлаб берган. 

19-августга келиб COVID-19ни юқтириб олган кишиларнинг сони 42 325га етди. Уларнинг ичидан 35 197 нафар бемор соғайиб, 1 054 нафар киши вафот этди.