Бишкек шаҳрининг мэри Азиз Суракматовдан коронавирус топилди

Бишкек мэриясининг аппарат бошчиси Балбак Тулобаев шаҳар мэри Азиз Суракматов коронавирусга чалинганини билдирди. Унинг айтишича, Суракматовнинг охирги уч кундан бери тана ҳарорати кўтарилиб изоляцида бўлган. Ҳозирда у ишни уй шароитида давом эттирмоқда.

«Ҳурматли дўстлар, шаҳар етакчимиз касал юқтириб олди. Таҳлили қайта текширилганда чиқиб қолди. Мэримизнинг таҳлилини қайта яна бир сафар текширамиз. Маска тақинглар, масофани сақланглар, қўлни ювиб туринглар», — деб ёзди Тулобаев фейсбук саҳифасида.

У ўзидан коронавирус симптомлари топилганини таъкидлади. Шунингдек Тулобаев шаҳар хизматлари ва тизимлар штат режимида ишлаётганини қўшимча қилди.

Суракматовдан Covid-19 топилганини унинг маслаҳатчиси Гуля Алмамбетова ҳам тасдиқлади.

Кечаги куни коронавирус Жалолобод шаҳрининг мэри Муратали Тагаевдан ҳамда Ўш вилоятининг Аравон туманининг ҳокими Курбанбай Айтибаевдан аниқланди. Айтибаев бир ҳафта аввал  президент Сооронбай Жээнбеков билан учрашган.

Ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакилининг матбуот котиби Нуркиз Кадирбекова, Жээнбеков билан учрашгунга қадар ҳокимнинг коронавирусга топширган таҳлили терс чиққан деб таъкидлайди.