Журналист ва жамоат фаоли бош вазир ўринбосари Разаковни судга берди

698

Журналист Канишай Мамиркулова билан жамоат фаоли Самат Алиев 22-январда Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман судига бош вазир ўринбосари Жениш Разаковнинг устидан ариза ёзишди. 

Бу ҳақда Мамиркулова ўзининг фейсбук саҳифасида хабар қилиб, «халқ ва чегара масаласи ўйинчоқ эмас» деб билдирди.

Аризада ёзилишича, Разаковни судга беришга 13-январда Бишкекда қирғиз-тожик чегара можароси сабаб қўлга олинганларни қўллов митингига чиққанларга қарата «улар пул билан чиқарилган одамлар» деган фикри сабаб бўлди.

Журналист митингининг иштирокчиларидан бири. Мамиркулова ва Алиев вице-премьер-министрнинг айтганлари «уларнинг обрў-эътиборига путур етказгани учун» компенсация тариқасида ҳар бирига 5 миллион сом тўлаб беришни талаб қилмоқда. 

Баткен вилоятидаги Кўк-Тош қишлоғидаги қирғиз-тожик чегарасида 9-январда жанжал чиқиб, у 12-январгача давом этган. Натижада тартибсизларни уюштиришга алоқаси бор деган гумон билан милиция Кўк-Тошнинг тўрт турғунини қўлга олган

Баткеннинг вилоят ИИБидан қўлга олинган турғунларга нисбатан «қурол-яроқни ноқонуний сақлаш» ҳамда «оммавий тартибсизлик» моддалари бўйича судгача текширув ишлари бошланганини хабар қилишган. Қўлга олинганларнинг иккиси уй қамоғига чиқарилиб, икки нафари икки ойга вақтинча ушлаб турилувчи жойга киргизилган. 

Қўлга олинган баткенликларни қўллаш бўйича иккинчи митинг 15-январда Бишкек ва Баткен шаҳарларида ўтди. Унга юзлаган одамлар қатнашиб, уларнинг талабларидан бири Жениш Разаковни истеъфога чиқариш бўлган.

                                                                                    Муаллиф: Нуриза Абил қизи