Баткен: Чегарадаги жанжалда қўлга олинган тўрт турғуннинг иккиси икки ойга қамалди

601

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро да қўлга олинган Кўк-Тош қишлоғининг тўрт турғунидан икки нафарини Қадамжой туман суди 17-январда уй қамоғига чиқарди. Қолган иккиси эса икки ойга қамалди. Бу ҳақда «Клооп»га Баткен вилоят судининг матбуот котиби Манас Сейитказиев билдирди.

«Усон Сапарбаевнинг иккинчи гуруҳдаги ногиронлиги, Улукбек Сапарбаевнинг эса беш  фарзанд отаси ҳамда оила боқувчиси экани ҳисобга олиниб уй қамоғига чиқарилди», — деди Сейитказиев.

11-январда Баткен вилоят ИИБи Кўк-Тошнинг тўрт турғунини қўлга олган. Милиция матбуот котибининг маълумоти бўйича, улар тожик фуқароларининг машинасига тош ирғитиб деразасини синдиришда иштироки бор деб гумонланмоқда.

Қўлга олинганларнинг устидан «Оммавий тартибсизлик», «Ўқ отувчи қуролни ноқонуний олиб юриш» моддалари билан судгача текширув бошланди.

13-15 январда Бишкекда ва Баткенда чегарага яқин яшаган турғунларнинг иштирокида митинглар ўтган. Унда йиғилганлар ўз ерини ҳимоя қилиб чиққанларга босим қилишни, уларни қамашни тўхтатишни, шунингдек қўлга олинган Кўк-Тошнинг тўрт турғунини озод қилишни талаб қилишган.

Баткен шаҳрида 16 январда ўтган қирғиз ҳукуматининг мувофиқлаштирув кенгашида ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев қўлга олинганларнинг ишлари қонун доирасида кўрилишини айтган.