«Озодлик» радиоси 31-августда Қирғизистон ҳудудидаги Сўх анклавини Ўзбекистон билан боғлаган Сўх — Риштон йўли очилганини билдирди. Журналистлар эълон қилган видеода, йўлнинг очилиши билан боғлиқ маросим ўтганини, унга ўзбекистонликлар ҳамда қирғизистонликлар қатнашганини кўрса бўлади.
«Амалдорлар Риштон ва Сўх орасидаги янги йўлнинг очилишини “тарихий воқеа” деб аташди», — дейилади маълумотда.
Баткен вилоятининг Ак-Турпак қишлоқ ҳукумати раҳбари «Азаттык» радиосига билдиришича, тадбир 30-августда ўтган. Йўл ҳукуматлараро келишим асосида очилган.
Қирғизистон вице-премьер министри Жениш Разаков йўл очилганини инкор қилди. Унинг айтишича, Қирғизистон дастлаб ЕОИБнинг талабларини бажариши керак.
«Мазкур ҳудудда иш жуда кўп. Биринчи Евро Осиё иқтисодий бирдамлиги билан боғлиқ ишларни қилишимиз керак. Бу ташкилотнинг доирасида Қирғизистонга юкланган ветеринар, фитосанитар хавфсизлик масалалари бор. Мана шу ишлар тугаллангунга қадар йўлни оча олмаймиз», — деб тушунтирди Разаков.
2013-йили январь ойининг бошида Ўзбекистоннинг Сўх анклави Хушёр қишлоғи яшовчилари ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида жанжал чиққан. Жанжалга қирғиз чегарачиларининг анклав ёнидаги чегара бекатига электр симёғочларини ўрнатгани сабаб бўлган.
Натижада Чорвоқ қишлоғининг 30га яқин турғуни гаровга олиниб бир суткадан сўнг қўйиб юборилган. Ўзбекистон томон эса қирғиз чегарачилари отган ўқдан беш ўзбекистонлик ярадор бўлганини билдирган. Қирғизистон чегарачилари мазкур маълумотни инкор қилган ва ўқ ҳавогагина отилганини хабар берган. Жанжалдан сўнг Сўх — Риштон ёпилган.