Қозоғистон Қирғизистон учун Интернет баҳосини қимматлатди  — бу ҳақда мижозларга билдириладими?

811

Қозоғистон провайдерлари Қирғизистон Операторлар уюшмасига Интернет баҳосини  2-3 ҳиссага кўтарили ҳақида огоҳлантирди. Қирғизистон интернет фойдаланувчилари бу вазият уларнинг чўнтакларига сезиларли таъсир қилишидан хавотирда. Чунки интернет-трафикнинг 90 фоизи Қозоғистон орқали келади.

Қирғизистоннинг Алоқа операторлари уюшмасининг етакчиси Нурбек Абасканов Kloop.kgга берган интервьюсида, ассоциация қирғиз провайдерлари учун қозоқ тарафнинг баҳони қимматлатиш бўйича баёнотини ўрганиб чиқмоқда, Қирғизистоннинг ҳудудидаги  интернет-трафикнинг аксарият қисми Қозоғистон орқали келади деди.

Баҳонинг кўтарилиши ассоциация манзилига жорий йилнинг август ойи бошида келган.

Абасканов Қирғизистоннинг мижозлари учун баҳонинг қимматлаши амалга оширилишини айта олмади  — у агар, тўлов баҳоси қимматласа ҳам “арзимаган” миқдорни ташкил қилишини таъкидлади.

Депутат Дастан Бекешевнинг фикрича, қирғиз провайдерларига бўлган баҳонинг кўтарилиши мижозларнинг чиқимларига сезиларли таъсир этади. Чунки операторлар абонентлар учун тўловларни қимматлатиши мумкин.

“Бизнинг қўшнилар (Қозоғистон) вақти-вақти билан бизга “совуқ душ” уюштиришмоқда. Бир гал товарни ўтказишмайди, бошқа сафар шундай қилиб провайдерлар учун интернет нархини кўтаришади. Интернет трафикнинг хизмат тўловларининг қимматлаши албатта бизнинг фуқароларнинг чўнтагини юпқалаштиради, провайдерлар ўзлари ҳам зарба олишади, яна ресбулика бюджетига ҳам таъсир этади”, — деб ёзган у “Фэйсбук”даги саҳифасига.

Қирғизистондаги йирик провайдер “Кыргызтелеком”нинг тижорий раҳбари Кмлич Куталиев Kloop.kgга берган маълумотда, уларнинг ширкатида интернет нархини кўтариш режаси йўқлигини билдирган.

Бошқа провайдерлар  — “Мегалайн”, “Хоумлайн”, “Акнет” — нархнинг эҳтимолий кўтарилиши ҳақида фикр билдиришни истамай, расмий мурожаат йўллашни илтимос қилишди.

“Нарх бўйича махфий келишув”

Ҳозирда Қирғизистоннинг ҳудудидаги интернетнинг нархи уй абонентлари учун ойига 600-3000 сомни ташкил қилади. Қўққисдан бу нарх 2-3 ҳиссага қимматласа, интернет учун тўлов миқдори 1200-6000 сомга кўтарилади.

Талаба Максим интернет учун ҳақнинг нархи қимматласа, бу Қирғизистоннинг олис ҳудудларидаги аҳолига ўз таъсирини тегизади деб ҳисоблайди.

“Агар интернет баҳоси қимматласа, фойдаланувчилар сони кескин озаяди. Биз Бишкекда туриб, юқори тезликдаги интернет билан фойдаланиш имкониятимиз бор бўлса, бошқа вилоятларнинг, олис ҳудудларнинг фойдаланувчилари нима қилиши керак? Улар интернетнинг тезлигини камайтириши керак, ёки фойдаланишдан умуман воз кечишади. Мен ҳозир сониясига 10 Мбит тезлик учун 800 сом тўлайман, агар нарх қимматласа, арзонроқ тарифга ўтишга тўғри келади”, — деди у.

Бишкекнинг турғуни Дмитрийнинг айтишича, агар интернет тармоғининг хизмат нархи кўтарилса, унга уяли интернетга ўтишдан бошқа илож йўқ.

“Мен уч боланинг қорнини тўйғазишим керак. Оилада ёлғиз ўзим ишлайман, аёлим ҳозирча беш ойлик боламизни қараяпти. Менинг ойлигимни ҳисобга олсак, бизнинг оила ундан воз кечади. У ҳолда мобиль интернетдан фойдаланиб қоламиз”, — деди у.

Студент Эрланнинг фикрича, тарифларни қимматлатиш —Қирғизистон учун ноўрин тадбир, чунки хизмат сифати “кучли бўлиши лозим”.

“Менинг интернетимнинг тезлиги — сониясига 1 Мбит. Бу учун мен 622 сом тўлайман. Агар нтернет 2-3 баробарга қимматлайдиган бўлса, унда менга мобиль интернетга ўтишга тўғри келади. Улар ҳозир ҳам интернет билан тузукроқ таъминлай олишмайди, тармоқда узилишлар кўп бўлади”, — деди Эрлан.

Интернет қўлланувчиси Никитанинг ўйига кўра, қозоқ провайдерлари тармоқнинг қирғиз сегментидан фойда кўришни мақсад қилишган.

“Менимча, бунинг бари нарх бўйича махфий келишув. Улар Қирғизистон ҳисобидан чўнтакларини қаппайтиришни кўзлашмоқда. Энди илож йўқ, тўлашга тўғри келади, чунки менинг ишим интернет билан боғлиқ”, — деб таъкидлади у.

Муаллиф: Марат Абдикаликов