Агар Канаданинг «Центерра» компанияси билан қўшма корхона тузиш масаласи ижобий ҳал бўлмаса, «Кумтор» миллийлаштирилиши мумкин — бу ҳақда президент Алмазбек Атамбаев 5 каналга берган интервюда билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат бу чорага «аҳоли тинчлигини ўйлаб» бормоқда.
5 канал билан суҳбат чоғида президент Алмазбек Атамбаев «Кумтор»нинг миллийлашитирилишини эҳтимолдан соқит қилмаслигини билдирди.
Ўлка бошчиси ҳозирда «Кумтор»га эгалик қилувчи «Центерра» компанияси қўшма корхона тузишдан бош тортса, ҳукумат бу чорани қўллаши мумкинлигини айтди.
Ҳозирда Канаданинг «Центерра» компанияси «Кумтор»нинг 100 фоиз акцияларига эгалик қилади.
Ўз ўрнида Қирғизистон «Центерра» бирлашмасидаги 33 фоиз акция соҳиби.
Тузилиши таклиф қилинаётган қўшма корхонада эса Қирғизистон умумий акцияларнинг ярмидан кўпига эгалик қилмоқчи.
Президент сўзларига кўра, олтин қазувчи коннинг миллийлаштирилиши «Кумтор» тақдиридан ҳавотирда бўлган аҳолини тинчлантиришга ёрдам беради.
«Балки бу Қирғизистон учун оғир бўлар, бироқ биз аҳоли тинчлиги учун ушбу қарорни қабул қилишимиз мумкин», — дея Атамбаев сўзларидан иқтибос келтиради Би-би-си.
«Кумтор» атрофидаги масалалар мухолафат ҳамда ҳукумат ўртасидаги катта тортишувларга туртки бўлиб келяпти.
Жорий йилнинг 7 октябрида Қорақўлда ўтган митинг қатор зўравонликларга сабаб бўлганди.
Намойишчилар аввал Иссиқкўл области ҳукумат вакили Эмил Каптагаевни асирга олган ва икки марта Иссиқкўл област маъмуриятини босиб олишга уринганди.
Иккинчи уринишдан сўнг милиция намойишчиларни тарқатиб, Каптагаевни асирдан бўшатди. Ўша куни тунда эса 23 митингчини қўлга олганини билдирди.
Бу эса ўз ўрнида Саруу қишлоғидаги намойишларга сабаб бўлди ва Балиқчи-Қўракўл йўлининг йил бошидан бери иккинчи марта тўсилишига олиб келди.
Қорақўлдаги митингларга муносабатини билдирган ҳукумат мухолафат кучларига ўз кучини 2015 йилги парламент саайловларида синашни таклиф этди.
Айни пайтда митингчиларни қўллаётган мухолафат эса норозилик акцияларини давом эттиришини билдирганди.
Жорий йилнинг июн ойи бошида ҳам Иссиқкўл областида «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида митинглар ўтказилганди.
Мазкур коннинг етмиш фоизига Канаданинг «Центерра Голд» компанияси эгалик қилади.
Иссиқкўлдаги намойишчилар конга олиб борувчи ягона йўлни бир неча кун давомида тўсиб, кон фаолиятини тўхтатишга ҳам мажбур қилган эди.
30 май куни кечқурун митингчилар «Кумтор» конига электр энергиясини етказиб берувчи электр станциясини босиб олиб, конни электр тармоғидан узганди.
Иссиқкўллик намойишчилар «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни ва унинг фойдасидан кўпроқ қисми Иссиқкўл областига ажратилишини талаб қилганди.
Иссиқкўл областига борган ҳукумат бошчиси Жанторо Сатибалдиев митингчилар билан сўзлашувлар олиб борди ва оқибатда улар норозиклик акциясини тўхтатиб корхона қайта ишга тушганди.
Сатибалдиев намойишчиларга «Кумтор» бошқариш тизимида ўзгартиришлар киритилишини айтиб, яқин кунларда қилоятга 120 миллион доллар сармоя жалб қилинишини ваъда қилганди.