Ҳукумат газ нархини 20 фоизга арзонлатди

947

Октябр ойдан бошлаб табиий газнинг нархи аҳоли учун 20 фоизга арзонлади. Газнинг арзонлаши жанубдаги газ инқирози ва «Газпром»нинг Ўшга газни олиб келиш ҳақидаги ваъдалари манзарасида кечмоқда.

Нархлар 1 октябр куни бутун Қирғизистон аҳолиси учун арзонлади.

Давлат ёнилғи департаменти маълумотларига кўра, Қирғизистонга газ Россиянинг «Газпром» компанияси шўъбаси ҳисобланган «Газпром Кыргызстан» тарафидан олиб келинади.

Айни пайтда Қирғизистон жанубида апрель ойидан буён газ йўқ.

Зангори олов берилиши Ўзбекистон билан келишув муддатининг тугаганидан сўнг тўхтаганди.

Аввалроқ Қирғизистон премьер министри Жўмарт Оторбаев ушбу қишки мавскмда Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ бермаслигини билдирганди. «Қишки мавсумда кўмирга ўтишимиз керак. Келаётган қишда Ўзбекистон газ бермайди, без алтернатив йўлларни қидиришимиз керак», — деди Оторбаев.

«Кыргызгаз»нинг «Газпром»га сотилиши ортидан Ўзбекистон Ўшга газ беришни тўхтатганди.

Ўшга газни олиб келиш борасидаги музокаралар ҳамон самара берганича йўқ.

«Газпром»нинг матбуот котиби Ольга Морева Kloop.kg’га ёзган хатида Ўзбекистон билан Қирғизистон жанубига газни олиб келиш бўйича сўзлашувлар давом этаётганини билдирганди.

Морева хатида «Кыргызгаз»ни сотиш бўйича келишувлар битганини, бироқ «Газпром» давлатга газни олиб келиш жавобгарлигини ҳозирча тўлиғи билан олмаганини билдирди — котиб компания қачон бу жавобгарликни ўз зиммасига олишини айтмади.

Матбуот котиби, шунингдек, Ўзбекистон билан сўзлашувлар нима самара берганига ҳам аниқлик киритмади.

«Газпром»нинг Ўзбекистон билан музокаралари ҳақида май ойидан буён айтилиб келади, бироқ ушбу сўзлашувлар ҳалигача натижа бергани йўқ.

«Озодлик»  радиоси Ўшга газнинг тўхтатилишини «Кыргызгаз»нинг «Газпром»га сотилиши билан боғлиқлигини айтиб келади.

« “Кыргызгаз”нинг «Газпром»га сотилгани ҳақидаги битим имзоланишидан тўрт кун ўтиб, 14 апрелда Ўзбекистон газ беришни тўхтатди», — деб ёзади «Озодлик».