Тожикистон ижтимоий тармоқлар ҳамда «Википедияни» тўсиб қўйди

961

Тожикистон ҳукумати бир неча ижтимоий тармоқлар, интернет-энциклопедия ҳисобланган «Википедия»ни ва 200га яқин сайтни тўсди. Маҳаллий ОАВга кўра, мазкур чекловлар мухолифатнинг митингга чиқиш чақирувлари манзарасида жорий қилинган.

Тожикистонлик интернет фойдаланувчилари «ВКонтакте»,  Facebook ва Mail.ru каби ижтимоий тармоқлар билан бирга бир неча ахборот агентлигига киролмай қолди. Тожикистоннинг  «Азия-Плюс» ахборот агентлиги ёзишича, 200дан ошиқ сайтга тўсиқ қўйилган.

Сайтга кўра, тожикистонлик интернет провайдерларга сайтларга тўсиқ қўйиш ҳақидаги буйруқ келган.

Тожикистоннинг шимолида жойлашган Сўғд вилоятининг аксар қисми интернетсиз қолган — «Азия-Плюс»нинг хабарлашича, баъзи мобил алоқа операторлари интернетнинг йўқлигини уларга боғлиқ бўлмаган сабабларга боғламоқда.

Тожикистон алоқа хизмати интернетга тўчиқ қўйилгани ҳақидаги хабарни рад этиб, «Озодлик» радиосига: «Ижтимоий тармоқларнинг ёпилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз. 5 октябр куни дам олиш эди, бу кунда ҳеч ким сайтларни тўсиш ҳуқуқига эга эмас», — деб билдирди хизмат бошчиси муовини Рафиқжон Шакиров.

Тожикистон интернет провайдерлари уюшмаси бошчиси Асомиддин Атоев интернетнинг тўсилиши ортида Алоқа хизмати турган бўлишини эҳтимол қилиб, бунинг сабабларидан бири қатори мухолифатнинг 10 октябр куни ўтказишни режалаштирган митинги бўлиши мумкинлигини айтди.

«Группа 24» деб номланган мухолифат ҳаракати ижтимоий тармоқлар орқали 10 октябр куни, Душанбеда митингга чиқишга чақирганди.

Ҳаракатнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳига кўра, норозилик митинги Имомали Раҳмонга қарши ўтади. Мухолифатга кўра, президент тожикистонликлар ҳуқуқи ва эркинлигини чеклаб келади.