Мактаб формасини кийишни хоҳламаган ўқувчилар жазоланмайди

1465

2015-2016 йилги ўқув йилидан мажбурий қилинган мактаб формасини кийишдан бош тортганларга қарши чоралар кўрсатилмайди, деб билдирди Қирғизистон Маориф министрлиги.

Маориф министрлиги форма кийишни хоҳламаган ўқувчиларга ҳеч бир чора кўрмайди — бу ҳақда министрликнинг мактабгача бўлган ўқув муассасалари ва мактаб таълим тизими бошқармаси мутахассиси Салтанат Мамбетова билдирди.

«Агар бола формасиз келса, ўқув жараёнига қатнаштирмаслик каби чоралар кўрилмайди», — деди у.

Бундан ташқари, министрлик униформани кийишни хоҳламаган ўқувчиларни дарсга қўймаган мактаб директорларига қарши чоралар кўради.

«Менга шундай мактабни кўрсатинг. Биз бундан мактабларга қарши чора кўрамиз», — деди Мамбетова.

Унинг сўзларига кўра, Маориф министрлиги мажбурий мактаб формаси ҳақида ўқувчилар ва улар ота-оналари орасида тушунтириш ишлари олиб бориши мумкин.

Янги мактаб формаси СМС танлов орқали танланган ва 1  июлда унинг тақдимот маросими бўлиб ўтганди.

Ўқув формаси Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси тарафидан юбкаларнинг қисқалиги туфайли танқидга олганганди.

Маросимдан сўнг муфтият тақдимотда кўрсатилган кийим репетиция пайтида дин бошқармаси ходимларига кўрсатилган кийимдан фарқли эканини билдирди  — муфтий ўринбосари Равшан ҳожи Эратовнинг сўзларига кўра, расмий маросимдаги мактаб кийимининг юбкаси тиззадан юқори бўлган.

«Биз юбка узунлиги бироз тиззадан пастроқда бўлишини таклиф қилдик. Бизнинг таклифимиз журналда ва репетицияда тиззани ёпувчи юбкалар кўрсатилганига асосланганди», — деганди Эратов.

Унинг сўзларига кўра, юбкалар қисқалиги ўқув жараёнига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

«Мактаб формаларини ишлаб чиқишда миллий колоритнинг ўрни ҳақида гапирилгандан кейин, асрлар оша миллий кийимларимиз узунлиги тиззадан юқорида бўлмаганини ҳисобга олишимиз керак. Фикримизча, тиззадан юқорида бўлган юбкалар ўқув жараёнига таъсирини ўтказиши мумкин», — деди Эратов.

Муфтий ўринбосари Маориф министрлигининг ўзи Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси вакилларини мактаб формаларини ишлаб чиқувчи ҳайъат таркибига таклиф қилгани боис, муфтият вакиллари юбкаларни узайтиришни таклиф қилганини билдирди.

Маориф министрлиги, ўз ўрнида, мактаб формалари «халқ тарафидан» танланганини билдириб, уни ўзгартириш ниятида эмаслигини билдирди.

«Юбкалар узунлиги ўзгармайди. Биз мактаб формаларининг кўп турини таклиф қилдик, бироқ айнан 3 рақамдаги форма биринчи ўринни эгаллади ва келажакда министрлик тарафидан тасдиқланади», — деди Kloop.kg билан суҳбатда министрлик матбуот котиби Амантур Акматов.

Янги мактаб формаси 2015-2016 йилги ўқув йилидан бошлаб мажбурий бўлади. Унинг тақрибий нархи 2000 сом бўлиши айтилмоқда.