Криминал авторитет Батукаев Владикавказдан экстрадиция қилинади

805

Ўзининг Қирғизистонга экстрадиция қилинишини кутаётган жиноий авториет Азиз Батукаев ҳозирда Шимолий Осетиянинг тергов изоляторида сақламоқда. У 30 июн куни Владикавказда қўлга олинганди.

Батукаев ҳозир Россияда ва у Қирғизистонга яқин кунларда экстрадиция қилиниши керак, деди Ички ишлар министрлиги матбуот хизмати ходими Эрнис Осмонбаев Kloop.kg билан суҳбатда.

«У Россия фуқароси бўлмагани учун, маҳаллий ҳукумат уни экстрадиция қилмоқчи», — деди Осмонбаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Батукаевнинг экстрадиция қилиш муддати Россия тарафига боғлиқ.

Қирғизистон ҳукумати тарафидан қидирувга берилган Азиз Батукаев 30 июн куни Россия полиция тарафидан қўлга олинганди.

Жиноий авторитет қамоқдан ноқонуний бўшатилгач қидирувга берилган.

Норин шаҳар суди 9 апрел куни Батукаевнинг қонида лейкоз касаллиги топилгани учун уни қўйиб юборганини ҳақида Олий суд матбуот хизмати 10 апрел куни эрталаб маълумот тарқатганди.

«Махсус тиббий комиссия ва №24 кучайтирилган режимдаги колония шифокорлари жорий йилнинг 28 мартида Азиз Батукаевга “Оғир лейкоз” диагнозини қўйишган», — хабарланганди Олий суд матбуот релизида.

Батукаевни муддатидан аввал бўшатиш ҳақидаги таклиф билан Норин шаҳар судига колония ижрочи бошчиси мурожаат қилгани айтилган, бироқ унинг исм-шарифи матбуот релизида кўрсатилмаганди.

Норин шаҳар суди ўз қарорини чиқаришда Қирғизистон жиноий процессуал кодексининг 363 моддасига таянган — моддада маҳбус оғир касалга чалинса муддатидан аввал озодликка чиқарилиши мумкинлиги айтилади.

Батукаев 2008 йилдан буён Норин шаҳар 24 рақамли кучайтирилган тартибдаги қамоқда сақланилаётган эди.

У Аламедин район суди тарафидан қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йил ва 8 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

Унга қўйилган айбловлар ичида оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ноқонуний равишда қурол сақлаш моддалари ҳам бор эди.