Мактаб қурилиши Атамбаев ташрифидан сўнг қайта бошланди

733

Молия министрлиги Беловодское қишлоғидаги мактаб қурилиши учун пул излаётганини билдирди. Аввалроқ бу қишлоққа президент Алмазбек Атамбаев ташриф буюрган ва маҳаллий мактабнинг аҳволидан қониқиш ҳосил қилмаганди.

Беловодскийдаги Биринчи май ўрта мактаби учун янги бино қурилишига пул у ерга Атамбаевнинг ташрифидан сўнг излана бошлади.

Давлат бошчиси ташрифи чоғида Молия министрлигига мактаб қурилиши учун пул ажратишни буюрганди.

Мазкур мактаб қурилиши 90-чи йилларда, СССРнинг қулаши ортидан маблағнинг етишмаслиги сабаб тўхтатилганди.

Мактаб биноси ҳозирда авария ҳолатида, Фавқулотда ҳолатлар министрлигининг маълумотларига кўра, бу бино ичида ўқув юритилмаслиги керак.

Бироқ, бу чекловларга қарамай, мактаб 2013 ва 2014 йилги ўқув йилида 500дан ошиқ ўқувчини ўқитишда давом этган.

Ҳукумат мулозимлари, Маориф министрлиги вакиллари, депутатларнинг бир неча  ташрифига қарамай, мактаб тўлиқ таъмирдан ўтмаган.

Биринчи май ўрта мактаби директори Дамира Кадиршаевага кўра, ҳукумат Чуй областидаги энг замонавий ва инновацион бинони қуриб беришга ваъда берган.

Қишлоқ жойларидаги мактабларнинг аянчли аҳволи — ҳозирги Қирғизистоннинг энг муҳим муаммоларидан бири. Жорий йилнинг баҳорида Маориф министри Канат Сидиков 135 мактабнинг авария ҳолатида эканини билдирганди.

Маблағнинг етишмаслиги туфайли, мактабларнинг 47таси янгиланиши кутилмоқда.