Жиноий авторитет Батукаев Чеченистонда қўлга олинди

672

Қирғизистон ҳукумати тарафидан қидирувга берилган Азиз Батукаевни Россия милицияси Грознийда қўлга олди. Жиноий авторитет Норин қамоқхонасидан ноқонуний бўшатилгач қидирувга берилганди.

Азиз Батукаевнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарни биринчилардан бўлиб «ПраймКрайм» ахборот агентлиги хабарлади — агентликка кўра, “қонундаги ўғри” 30 июн куни Грознийда қўлга олинган.

Чеченистон полицияси сайтида эса Батукаевнинг қўлга олингани ҳақида хабар чиқмади. Айни пайтда, Қирғизистон ИИМ матбуот хизмати ходими Эрнис Осмонбаев Kloop.kg’га бу маълумотни тасдиқлади.

«Ҳозирда у Россия худудида. Икки давлат ҳуқуқ тартибот органлари амалиётларидан сўнг уни Қирғизистонга олиб келиш масаласи ҳал қилинади», — деди Осмонбаев.

Азиз Батукаевнинг Норин қамоқхонасидан озодликка чиқиши — Қирғизистонда катта шов-шувга ва мулозимларнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлган можаролардан бири.

Норин шаҳар суди 9 апрел куни Батукаевнинг қонида лейкоз касаллиги топилгани учун уни қўйиб юборганини ҳақида Олий суд матбуот хизмати 10 апрел куни эрталаб маълумот тарқатганди.

«Махсус тиббий комиссия ва №24 кучайтирилган режимдаги колония шифокорлари жорий йилнинг 28 мартида Азиз Батукаевга “Оғир лейкоз” диагнозини қўйишган», — хабарланганди Олий суд матбуот релизида.

Батукаевни муддатидан аввал бўшатиш ҳақидаги таклиф билан Норин шаҳар судига колония ижрочи бошчиси мурожаат қилгани айтилган, бироқ унинг исм-шарифи матбуот релизида кўрсатилмаганди.

Норин шаҳар суди ўз қарорини чиқаришда Қирғизистон жиноий процессуал кодексининг 363 моддасига таянган — моддада маҳбус оғир касалга чалинса муддатидан аввал озодликка чиқарилиши мумкинлиги айтилади.

Батукаев 2008 йилдан буён Норин шаҳар 24 рақамли кучайтирилган тартибдаги қамоқда сақланилаётган эди.

У Аламедин район суди тарафидан қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йил ва 8 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

Унга қўйилган айбловлар ичида оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ноқонуний равишда қурол сақлаш моддалари ҳам бор эди.