Тожикистон ҳукумат делегацияси қирғиз-тожик чегараси яқинида қурилаётган йўлларни ва талаш худудларни муҳокама қилиш учун Бишкекка келди.
Муҳокама ёпиқ эшиклар ортида ўтиб, у уч кун давом этди.
Томонлар чегара демаркациясини, чегарага яқин жойларда йўллар қурилиши ва чегара яқинидаги можароларни муҳокама қилди.
Тарафлар делегацияларини икки давлат вице-премьерлари етаклади — Тожикистон вице-премьери Муродали Алимардон ва Қирғизистон вице-премьери Абдрахман Маматалиев.
Қирғиз-тожик сўзлашувлари 19 июн куни Боткенда бошланганди, бироқ тожик тараф илтимосига кўра тўхтатилганди. Улар айрим масалаларни ҳал қилиш учун вақт кераклигини билдирган.
Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегара худудида яшовчилар орасида низолар сўнгги пайтларда кескинлашгани кузатилмоқда.
Можаролар икки давлат ўртасидаги чегара ўтиш пунктларининг ёпилишига ҳам олиб келмоқда.
Тожикистон билан чегара сўнгги марта жорий йилнинг январ ойидаги қуролли тўқнашувдан сўнг ёпилганди.
Жами етти кишининг жароҳат олишига сабаб бўлган ҳодиса 11 январ куни, Қирғизистоннинг Кўк Таш қишлоғи яқинида содир бўлганди.
Ўшанда Қирғизистоннинг Кўк Таш ва Тожикистоннинг Ҳожи аъло қишлоқлари ўртасида икки давлатнинг 100га яқин чегарачилари йиғилган — бунга Қирғизистоннинг талаш ҳудудда олиб бораётган йўл қурилиши ишлари сабаб бўлган.
Кўк Таш қишлоғи яшовчилари ва Қирғизистон чегара хизматига кўра, биринчи бўлиб тожикистонлик чегарачилар ўт очган. «Вечерний Бишкек» газетаси биринчи бўлиб ўқ узган кимсанинг исмини ҳам ошкор қилишга улгурди — рўзномага кўра, у Тожикистон чегара хизмати полковниги Ханифов.
Қирғизистон чегара хизмати тарқатган матбуот релизида тожикистонлик чегарачиларнинг Қирғизистоннинг Кўк Тош қишлоғи яқинидаги сув деворини портлатиш учун миномётлардан фойдалангани айтилади.
«Қирғизистоннинг Боткен области ва Тожикистоннинг Сўғд водийси бўйича Худудий Чегара бошқармаси бошчилари учрашуви пайтида тожик тарафга портламай қолган миномётнинг ўқи кўрсатилди», — деб ёзилади хабарда.
<strong>Йўл тўсишлар</strong>
2013 йилнинг декабр ойи ўрталарида чегара яқинида яшовчи қирғизистонликлар ва тожикистонлилар ўртасида можаро юз берганди.
Можаро пайтида қирғизистонликлар Тожикистонга олиб борувчи йўлни тўсишганди.
Вице премьер Токон Мамитовнинг Тожик анклави Ворухни айланиб ўтувчи йўл қурилиши бошланиши ҳақидаги ваъдаларидан сўнг Оқсой қишлоғи яшовчилари Исфара-Ворух йўлини очди.
Транспорт ва коммуникация вазирлиги матбуот котиби Қиличбек Досумбетовнинг билдиришича, 20 декабр куни йўл қурилиши бошланганди.
«20 декабр куни Ворух анклавини айланиб ўтувчи йўл қурилишини бошлаш ҳақида қарор чиқарилганди. Қурилиш ишларига икки булдозер ва битта экскаватор жалб қилинди», – деганди Досумбетов.
Унинг сўзларига кўра, йўл қурилиши 2013 йилнинг баҳорида бошланган, бироқ айрим муаммолар туфайли қурилиш тўхтатилган.
Қирғиз-тожик чегарасида юз берган навбатдаги можародан ва уч кун ичида йўлнинг ёпилиб туриши йўл қурилишини қайта тиклашга сабаб бўлди.
Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаева Kloop.kg билан суҳбатда чегарада ҳолат «стабил» эканини айтди.
«Ворух-Исфара йўли очилди, Боткен-Исфана трассаси эса аввалроқ очилганди» , – деганди котиб.
Исфара-Ворух йўли 19 декабр куни Оқсой қишлоғи яшовчилари тарафидан тўсилганди.