«ПЕГАСУС»: Давлат органлари текшируви рақобатчилар шикоятига кўра бўлди

722

Ўзининг арзон чипталари билан кўпчиликка машҳур «Пегасус Азия» ширкати ҳукумат тарафидан бўлаётган текширувларни рақобатчилар шикоятига боғламоқда.

Давлат антимонополия агентлиги ходимлари ўтган ҳафта сўнггида Қирғизистон йўловчи ташиши бозорига яқинда кирган «Пегасус Азия» устидан текширувлар бошлаганини билдирди.

«Пегасус Азия» — Туркиянинг «Пегасус» компаниясига тегишли шуъба — ўзининг хориж ва Қирғизистон ичидаги авиақатновларга арзон чипталари билан кўпчилик эътиборини тортиб келади.

Давлат антимонополия раҳбари Бабурбек Жээенбеков 18 апрел куни компания устидан текширувлар унинг рақобатчилари тарафидан келган шикоятларга кўра бўлганини тан олганди  — маҳаллий авиапарвозчилар «Пегасус Азия» бозор нархидан арзон чипталар билан рақобат ҳақидаги қонунни бузаётганини билдирмоқда.

«Баъзан авиакомпаниялар харидорлар эътиборини қозониш учун ўз тан нархидан арзонроқ баҳони қўйишади. Бироқ биз қонун бузилишига йўл қўймаслигимиз керак. Бошқа тарафдан, биз чипталарга нархлар арзонроқ бўлиши тарафдоримиз», — деди Жеенбеков.

«Пегасус Азия» бош директори маслаҳатчиси Эрмек Омуралиев Kloop.kg билан суҳбатда компания текширувлардан қўрқмаслигини ва бу текширувлар инқирозга учрашдан қўрқаётган маҳаллий авиа компаниялар сабаб бўлаётганини билдирди.

««Пегасус» рақобатчиларининг асосий иддаоси — бу «Пегасус»нинг Қирғизистон бозорига кириб нархларни тушириш, маҳаллий авиакомпанияларни инқирозга учратиб монополиячига айланиш. Бу иддао билан улар барча органларга шикоят қилишяпти», — деди Омуралиев.

Унинг айтишича, келлиб чиқиши Туркияга бориб тақалгани билан, «Пегасус Азия» қолган маҳаллий компаниялар қатори қирғиз компанияси. Бироқ у халқаро тажрибага таяниб иш юритади.

Маслаҳатчи фикрича, қолган авиаташувилар «эски» самолётлар ва ускуналарда иш юритади.

«Кеча Туркиядан бир гуруҳ делегация келди. Улар “Манас” аэропорти фаолияти билан танишиб,  перронга чиқишда ва эски самолётларни кўришди. Улар: “Қандай қилиб бу самолётларда учяпсизлар?” дейишди» — деди Омуралиев.

Давлат антимонополия вакили Назина Алимкулова «Пегасус Азия» устидан шикоят икки маҳаллий авиаширкат — «Авиа Трафик»  ва «Кыргызстан» тарафидан келиб тушганини билдирди.

Авиасоноатга яқин манбалардан бири Kloop.kg журналисти билан суҳбатда шикоятчилар орасида — «Авиа Трафик», «Эйр Бишкек», «Тез Джет» ва «Скай Бишкек» компанияларининг ҳам борлигини билдирди.

«Пегасус Азия»нинг арзон чипталаридан жабр тортган авиаширкатларнинг ўзидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Алимкуловага кўра, унинг бошқармаси «Пегасус» фаолияти борасида бир неча тахминларга эга. Улардан бири, авиаширкат ўз рақобатчиларини йўловчи ташиш бозоридан сиқиб чиқармоқчи.

«Одатан ширкатлар арзон чипталар билан бозорга кириб, уни эгаллаб олади ва рақобатчиларини сиқиб чиқаради. Бозорда ўзлари ёлғиз қолгач эса, ўзи хоҳлаган нархни қўя бошлайди. Бу ҳозирги 1,5 минг ёки 2 минг эмас, балки 3 минг сом бўлиши мумкин. Йўловчилар эса танлов ҳуқуқидан маҳрум бўлади», — дейди у.

«Пегасус Азия» авиаширкати — Қирғизистонда лоу кост деб аталувчи арзон қатновлар йўлга қўйган биринчи ширкат.

Лоу костларнинг бизнес-модели жуда оддий — йўловчи озроқ қулайликлар эвазига арзонроқ чипта сотиб олади.

Бундан ташқари, «Пегасус» учоқлари аэропортда минимал даражада вақт ўтказади.