Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев телефон орқали сўзлашувда Малайзия бош вазирига йўқолган учоқнинг қидирувига давлат кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирган. Учоқ қирғиз-хитой чегарасигача учиб келгани тахмин қилинмоқда.
Малайзия бош вазири Нажиб Роззақ 17 март куни Алмазбек Атамбаевдан бир ҳафта илгари йўқолган учоқни қидиришга ёрдам беришни сўради.
Самолётнинг қирғиз-хитой чегарасигача учиб келгани тахмин қилинмоқда.
Атамбаев, ўз ўрнида, Малайзия бош вазирига учоқнинг қидирувига кўмак кўрсатишга Қирғизистон тайёр эканини билдирди.
«Малайзия ҳаво йўллари» ширкатига тегишли йўқолган учоқнинг Марказий Осиёгача учиб келгани ҳақидаги тахмин 15 март куни янграганди.
Малайзия ҳукумати вакили билан суҳбатлашган Би-би-си мухбири Джона Фишерга кўра, ҳукумат қирғиз-хитой чегарасини учоқнинг келиб тушган сўнгги манзили қатори тахмин қилмоқда.
«Малайзия ҳукумати радарлардан йўқолган учоқнинг қирғиз-хитой чегарасигача учиб келганига ишонмоқда», — деб ёзди Фишер ўзининг «Твиттер»даги микроблогида.
Унинг сўзларига кўра, Малайзия ҳукумати самолётнинг ердаги хизматлар билан алоқаси ўчирилгандан сўнг ҳам сўнг етти соат давомида келиб турган маълумотларга таяниб бу версияни ишлаб чиққан.
Қирғизистон ҳукумати «Озодлик» радиоси билан суҳбатда бу маълумотларни рад этди ва қирғиз-хитой чегарасида ҳолат тинч эканини билдирди.
15 март кунги журналистлар билан учрашув чоғида Малайзия бош вазири Нажиб Роззақ 8 март куни йўқолган учоқ эҳтимолий қўлга олинганидан сўнг ўз йўналишини ўзгартирганини билдирди.
Самолёт Малайзия пойтахти Куала Лумпурдан Пекинга қараб парвозни амалга ошираётган бўлган.
Малазия ва Вьетнам ўртасида жойлашган Жанубий Хитой денгизидан учиб ўтаётган учоқ бирданига ер алоқа хизмати билан алоқани ўчирган ва ўз йўналишини шимолий-ғарбга қараб ўзгартирган.
Алоқа воситаларининг ўчирилганига қарамай, учоқ кейинга етти соат давомида спутниклар назарида бўлган.
Айнан мана шу маълумотларга таяниб Малайзия ҳукумати самолётнинг тақрибан учиб ўтган йўналишини тузмоқда.
Учоқда жами 239 йўловчи бўлган.