Дунёнинг энг йирик ижтимоий тармоғи Facebook тез хабарлар алмашув дастури WhatsApp-ни 16 млрд долларга сотиб олди. Бу ҳақда тармоқ асосчиси Марк Цукерберг хабарлади.
Цукрбергнинг Facebook орқали тарқатган маълумотида унинг ширкати WhatsApp-ни одамларнинг хабарлар алмашувини осонлаштириш мақсадида сотиб олганини ёзди.
«Мақсадимиз оламни янада очиқроқ ва яқинроқ қилиш», — деб ёзди Facebook асосчиси.
У хабарлар алмашув дастури Facebook-дан мустақил равишда ишлашини таъкидлаб, яқин йиллар ичида уни бутун дунёда тарқалишини билдирди.
Ҳозирда WhatsApp фойдаланувчилари сони 450 млн кишидан ошган.
Цукербергнинг бу билдируви ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг турлича муносабатига сабаб бўлди.
Кумар Чиранжив Facebook эндиликда дунёдаги энг кучли махсус хизматдан ҳам кўпроқ маълумотга эга эканини айтади.
«Ҳурматли Марк Цукерберг, сиз Facebook, Instagram ва энди WhatsApp соҳибисиз. Сиз умуман АҚШ миллий хавфсизлигидан ҳам кўпроқ маълумотга эгасиз», — деб ёзди у шарҳларда.
Тармоқнинг бошқа фойдаланувчиси Abhisek Das Best Facebook ижтимоий тармоғи WhatsApp-ни рекламаларга тўлдириб юбормаслигига умид қилишини билдирди.
Facebook — Гарвард талабаси Марк Цукерберг тарафидан асосланган дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ. Бугунги кунда тармоқдан бир миллиарддан ошиқ одам фойдаланади.