Сўз эркинлиги рейтингида Қирғизистон 9 поғонага юқорилади

648

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилотининг дунёдаги сўз эркинлиги ҳисоботида Қирғизистон 97 ўринни эгаллаган. Ўтган йили давлат 106 ўринга лойиқ топилганди.

«Чегара билмас мухбирлар» ҳособотига кўра, Қирғизистоннинг бу даражаси сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткичлардан бўлган.

«Орадаги катта фарққа қарамай Молдавия, Грузия, Арманистон ва Қирғизистонда фикр эркинлиги мавжуд ва давлат цензураси кучли эмас», — деб ёзади халқаро ташкилот ўз ҳисоботида.

«Чегара билмас мухбирлар»га кўра, Қирғизистон Марказий Осиёдаги энг озод давлат. Республика сўз эркинлиги ҳисоботида «эътиборли муаммолари» бор давлатлар тоифасидан жой олган бир пайтда, қўшни давлатлардаги ҳолат «оғир» ва «ўта жиддий» деб тавсифланган.

Масалан, қўшни Ўзбекистон рўйхатнинг қарийб энг сўнгидан жой олиб, 180 давлат ичидан 166 ўринни эгаллаган. Қозоғистон эса 161 ўринда.

Рўйхатнинг энг юқори поғонаси эса Финляндия, Нидерландия ва Норвегия давлатларига насиб қилган — бу давлатлардаги сўз эркинлиги «яхши» деб таърифланади.

«Чегара билмас мухбирлар» Туркманистон, Шимолий Корея ва Эритреяни энг озод эмас давлатлар деб топган.