Депутатлар: Жанубни тиклаш бўйича давлат дирекцияси 570 млн сомни йўқотган

600

Парламент комиссияси Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекциясини 570 млн сомни нотўғри сарфлаганликда айблади. Дирекцияни ҳозирги бош вазир Жантўрў Сатибалдиев бошқарганди.

Комиссия етакчиси, мухолифатдаги «Ата-Журт» партияси депутати Наринбек Молдобаев 13 феврал куни ўтган парламент йиғинида Қирғизистон жанубини тиклаш бўйича давлат дирекцияси ажратилган пулларнинг сарфланишини назорат қилмаганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, сарфланган пулларнинг назорат қилинмагани боис, давлат дирекцияси ёллаган пудратчилар қурилган уйлар сифатида тежаб, 570 млн сомдан ошиқ даромад олишга эришган.

2010 йилги миллий низолар ортидан тузилган Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекциясини 2011 йилгача ҳозирги премьер-министр Жантўрў Сатибалдиев бошқарганди.

Жанубни тиклаш учун дирекцияга давлат бюджети ва турли халқаро ташкилотлардан жами 11 млрд сом ажратилган. Бироқ, комиссия маълумотларига кўра, ҳозирда фақат 4,6 млрд сомлик ҳаражатларга ҳисобот бор.

Ажратилган пулларнинг йўқотилиши ва сифатсиз қурилган уйлар — бу комиссия тарафидан дирекцияга қўйилаётган барча даъво эмас. Молдобаев шунингдек ноўрин ҳаражатлар ва ер участкаларининг кўтарилган баҳода сотиб олинганини ҳам билдирди.

Ажратилган пуллар ҳаражатини парламент комиссияси кейинги, 19 феврал кунги йиғинда кўтармоқчи.