Хитой билан чегарадаги отишманинг парламентдаги муҳокамаси: «Тушунарсиз нарсалар кўп»

641

11 «жангари»нинг ўлдирилишига сабаб бўлган Хитой чегараси яқинидаги ҳодиса парламентнинг Мудофаа қўмитасидаги кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Хусусан, чегарачилар нима сабабдан Хитой билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган барча 11 гумонланувчини ўлдиргани депутатларга тушунарсиз.

«Кўп нарса тушунарсиз — гувоҳлар йўқ. Биз кимга ишонишни ҳам билмаяпмиз. Бировлар бир нарсани айтса, бошқалар — умуман бошқа нарсани айтяпти. Бу масалани Мудофаа кенгашида ва парламентда кўтариш керак», — деди қўмита етакчиси муовини Нурлан Торобеков.

Собиқ мудофаа вазири, депутат Исмаил Исаковга кўра, чегарачилар ҳеч бўлмаганда бир кишини сўроқ учун тирик қолдиришлари керак эди.

Номаълум шахсларни қўлга олиш амалиётини бошқарган Мудофаа вазири муовини Токон Мамитов депутат сўзига қўшилмади. Унга кўра, «жангариларнинг» барчасини ўлдириш қарори «тўғри» қабул қилинган.

«Улар уйларни ёқиб, аскарларимизга қарши ўқ ота бошлаган. Чегарачилар музокаралар олиб бориб, таслим бўлишга чақирган. Улар эса ўқ отиб, уйларни ёқишган», — дея чегарачилар ҳаракатини оқлади Мамитов.

У ўқитилган спецназни олиб бораётган транспорт об-ҳаво туфайли ўз вақтида ҳодиса жойига етиб боролмаганини, чегарачилар эса қарор қабул қилишга мажбур бўлганини қўшиб ўтди.

11 «жангарининг» ўлдирилиши

Парламентнинг Мудофаа қўмитасидаги йиғин Қирғиз-Хитой чегараси яқинидаги 11 номаълум шахснинг ўлдирилганидан 4 кундан сўнг ўтмоқда. Ҳодиса Иссиқкўл областининг Ақшийрақ қишлоғи яқинида юз берган.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари 23 январ куни қирғиз-хитой чегарасида босқинчилик қилиб маҳаллий овчини ўлдирган 11 шахсни ўлдирганди.

Барча жангариларнинг ўлдирилганини ҳодиса куни Давлат чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаева Kloop.kgга тасдиқлаганди.

Тўқнашув оқибатида қирғизистонлик бир аскар енгил жароҳат олган.

Иссиқкўл областининг Ақшийрак қишлоғидаги маҳаллий овчи Александр Барикинни ўлдирган «жангарилар»ни қидирув амалиётлари бир неча соат давом этди.

Овчининг қуролини тортиб олган ҳужумчилар ҳодиса жойига келган Иссиқкўллик аскарларга қарата ўқ очган.

Отишманинг аввалида икки жангари ўлдирилган. Қолганлари эса ҳуқуқ тартибот органлари тарафидан қуршалган ва «йўқ қилинган» — бу иборани ҳукумат қўллади.

Ҳодиса жойига Иссиқкўл области губернатори Эмил Каптагаев етиб борган.

Kloop.kg билан суҳбатда Каптагаев босқинчиларни «номаълум жангарилар» деб атаганди.

Хитой ҳукумати маълумотларига кўра, босқинчилар уйғур сепаратистлари бўлиши мумкин — хитойлик дипломатлар қирғизистоник ҳамкасблари билан учрашувда жангариларга қарши курашда «фаол ҳамкорликка» тайёр эканини билдирди.