Бишкек ва Ўш мэри сайловлари натижаси расман тасдиқланди

601

Марказий сайлов қўмитаси Бишкек ва Ўш мэри сайловлари натижасини расман тасдиқлади, унга кўра Кубаничбек Кулматов ва Айтмамат Кадирбаев сайловларда ғалаба қозонган.

Бишкекнинг янги сайланган мэри Кубаничбек Кулматов гувоҳномани олишга улгирди.

Ўш мэри Айтмамат Кадирбаевга эса гувоҳнома бугун берилади.

Қирғизистоннинг икки йирик шаҳарларидаги мэрлар сайлови 15 январ куни ўтганди.

Кулматов пойтахт сайловида ягона номзод қатори иштирок этган ва у учун 45 депутатнинг 41таси овоз берганди.

Ўшдаги сайловлар кескин сиёсий курашлар фонида ўтди — мэр лавозими учун ҳукумат қўллаган Айтмамат Кадирбаев ва мухолифатчи, собиқ мэр Мелис Мирзакматов курашди.

Кадирбаев сайловда 45 овоздан 25ни жамлашга эришиб ғалаба қозонди ва бу Ўш мэрияси олдидаги катта митингга сабаб бўлди.

Мирзакматов ва унинг «Улуттар биримдиги» партияси мухолифатдаги депутатларга босим ўтказилаётганини билдирганди — уларга кўра, айнан шунинг учун улар сайловларни бой берган.

Бироқ Марказий сайлов қўмитаси ходими Kloop.kg билан суҳбатда уларга сайлов юзасидан ҳеч бир шикоят тушмаганини билдирди.