Россиядаги «Макдоналдс» қирғизистонлик нолегал мигрант учун жаримани шикоят қилмоқчи

683

«Макдоналдс» тез овқатланиш тармоғи қирғизистонлик нолегал мигрантни ишга ёллагани учун чиқарилган жаримадан норози.

«Макдоналдс» 16 декабр куни Россиянинг Олий арбитраж маҳкамасига Москва арбитраж маҳкамаси апрел ойида чиқарган ҳукмни қайта кўриб чиқиш талаби билан ариза йўллади.  Москва арбитраж суди тез овқатланиш тармоғини миграцион қонунчиликни бузишда айбдор деб топганди.

Россияда масъулияти чекланган жамият қатори рўйхатдан ўтган Американинг «Макдоналдс» тез овқатланиш тизими қирғизистонлик нолегал меҳнат муҳожири Назиракан Асанахуновани ишга ёллагани учун жаримага тортилганди.

Москва шаҳар Федерал миграцион хизмат текширувига кўра, Асанахунова ишга кирган пайтда Москва худудида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари бўлмаган.

Оқибатда «Макдоналдс» 300 минг рубл жаримага тортилган.

Тармоқ вакиллари маҳкама йиғинида қирғизистонлик меҳнат муҳожирининг ишга киришда Россия паспортини кўрсатганини билдириб келишган, бироқ Москва арбитраж маҳкамаси «Макдоналдс» даъвосини инобатга олмаган.

«Маҳкама мазкур ҳужжатларнинг 22 январ кунидан кейин тақдим этилганини инобатга олди. Яъни, қонунбузарлик юзага чиққанидан сўнг ҳужжатлар тартибга келтирилган», — хабар қилади Россия ахборот агентлиги.

Kloop.kg мухбирлари Асанакунова билан унинг ишга ўрнагани ҳақида тафсилотларни билиш учун боғланишга қилган ҳаракатлари самара бермади.

Россиядаги «Макдоналдс» можаро юзасидан изоҳ беришни истамади.