Бишкек: Туғриқхонадан чақалоқни ўғирлаганликда айбланиб уч киши қўлга олинди

494

Polnoe-krannaya-zapis-14.11.2013-145458-750x400

Пойтахт милицияси №4 туғриқхонадан чақалоқни ўғирлаганликда гумонлаб уч кишини қўлга олди. Қўлга олинганлар — ўз уйида гўдакни яширган аёл, ҳамшира ва болага ноқонуний ҳужжатларни расмийлаштирган №6 туғриқхона шифокори.

Бола ўғирлашда гумонланаётган аёлнинг кўрсатма бермагани боис, терговчилар гўдакнинг ўғирланиши сабаблари юзасидан аниқ маълумот тарқатгани йўқ.

«Нуржан ҳозирча кўрсатма бермаяпти. У билан тергов иш олиб бормоқда», — деди Бишкек Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими Олжобай Казакбаев.

Терговнинг маълум қилишича, жиноятда гумонланаётган аёл №6 туғриқхона шифокори ёрдамида болага қалбаки ҳужжатларни расмийлаштирган.

Жорий ой бошида пойтахтнинг 4 туғриқхонасидан чақалоқ йўқолганди.

Бишкек ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, ўғирланиш пайтида гўдак бошқа хонада, унинг онаси эса қўшни хонада бўлган.

Касалхона ходимлари аввалига ўз кучлари орқали гўдакни  топишга ҳаракат қилган, бироқ қидирувлари самара бермагач, милицияга хабарлаган.

Бир неча кунлик қидирувлар ортидан чақалоқ тирик ҳолда шаҳарнинг бир хонадонидан 13 ноябр куни топилганди.

Тергов аввал бола йўқолишида чақалоқ қариндошларини гумонлаётган эди.

Гўдакнинг туғриқхонадан йўқолишидан бир ҳафта ўтиб шаҳар соғлиқни сақлаш департаменти туғриқхона бошқармасини ишдан бўшатганди.