Парламент педофилларга жазони кучайтирди

668

2010-12-17_parliament2746-450x200

Вояга етмаганларни зўрлаганларга жазони кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси парламент тарафидан учинчи ўқувда тасдиқланди. Лойиҳага мувофиқ, эндиликда ушбу жиноятга қўл урганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Парламент учинчи ўқувда депутат Турсунбай Бакир уулу ташаббусини қўллаб, подефилларга жазо чорасини кучайтиришни тасдиқлади.

Қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда ушбу жиноятга қўл урганлар 10 йиллик қамоқ жазоси ўрнига бутун умрга қамалишлари мумкин, шунингдек улар жазодан муддатидан аввал бўшатилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.

Бунгача жиноят кодексида мазкур жиноятни содир этганлар 10 йилгача қамалиши кўрсатилганди.

«Аксар ҳолларда суд тизими жиноятни юмшатиб, жазони енгил бераётганлари кузатилгани учун, 14 ёшгача бўлган шахсларни зўрловчиларга жазони 25 йилгача узайтириш ёки бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиш таклиф қилиняпти», — деб ёзилади парламент сайтида.

Қонун лойиҳаси барча ўқувлардан муваффақиятли ўтди ва унга президент имзо чеккач ўз кучига киради. Давлат бошчиси депутатлар ташаббусини ўн иш куни давомида кўриб чиқиши керак.

Сўнгги йил ичида педофилларга жазони кучайтириш масаласи парламентда бир неча бор кўтарилди. Жўғўрқу Кенеш депутатлари 6 июл куни президент имзоси учун педофилларни кимёвий усуллар орқали кастрация қилиш ташаббуси билан қонун лойиҳасини юборганди, бироқ бу ташаббус президент қўлловини топмади ва уни имзоламади.

Депутат Данияр Тербишалиев педофилларни жарроҳик йўли билан кастрация қилишни таклиф қилганди, бироқ бу таклиф кўпчилик депутатлар қўлловини топмади.