Махсус хизмат Омуралиевга босим ўтказмаганини билдирди

591

Polnoe-krannaya-zapis-03.09.2013-93109-450x264

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вакиллари давлатда ҳокимиятни ағдариш бўйича режани фош қилган мухолифатчи Эрлан Омуралиевга босим ўтказмаганларини билдирди.

Мухолафатнинг Садир Жапаров ва Омуралиев билан телефон мулоқоти ёзувини тарқатгани махсус хизмат раддиясига сабаб бўлди.

Телефон орқали сўзлашувда аввалроқ мухолафатнинг ҳукуматни ағдариш бўйича режаларини “фош” қилган Омуралиев ўзига бўлган босимдан шикоят қилади.

МХДҚ эса, ўз ўрнида мухолифатчининг ихтиёрий равишда режа ҳақида гапириб берганини билдирди.

«Омралиев МХДҚ Норин вилояти бошқармасига ўзи келди ва мухолафат режалари ҳақида айтиб берди», — дейилади Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Қўмита ўз баёнотига далил сифатида Қирғизистонда экстремистик деб тан олинган «Хизб-ут-Таҳрир» жамоати аъзоси суратга тушган видео тасмани тарқатди.

Видеода жамоат аъзоси Бақтибек Жуматаев мухолафатчининг аввал гапирган гапларини тасдиқлаб, Омуралиев унга пул эвазига Норин дарёсини цианид билан заҳарлашни таклиф қилганини ва у рад жавобини берганини айтади.

МХДҚ матбуот хизмати вакилига кўра, Жуматаев ҳозир озодликда.

«Видео тергов хонасида олинган, бироқ унинг ўзи қўлга олинмади», — деди ходим.

«Ата-Журт» партиясидан собиқ депутат Садир Жапаров ҳамда Омуралиевнинг телефон орқали суҳбати 17 сентябр куни тарқаганди.

Унда Омуралиев МХДҚ тарафидан босим бўлганини ва шу сабабдан у мухолафат ҳақида уйдирма гапиришга мажбур бўлганини айтади.

Омуралиевга кўра, МХДҚ аввалдан тайёрланган текстни ўқишга уни мажбур қилган ва буни видеога ёзиб олиб, маҳаллий телеканаллардан кўрсатган.

Мухолафатчининг айтишича, бу учун махсус хизмат унга оиласи билан хорижга чиқиб кетишга кўмаклашиш ёки квартира беришни таклиф қилган.

Омуралиев иштирокидаги ролик 2 сентябр куни кўрсатилганди.

Унда у мухолафатнинг Қирғизистон шимолида йўлларни тўсиш ва Норин дарёсини заҳарлаб, аҳоли орасида шов шувни кўтармоқчилигини билдирганди.