Милиционерни машинасида уриб кетган ҳайдовчи уй қамоғига кўчирилди

571

2013-09_SCO_01671-450x300

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги саммити пайтида йўлни қўриқлаётган милиция ходимини уриб кетган ҳайдовчи уй қамоғига кўчирилди. Айни пайтда, милицияга ташланган икки шахс икки ойга тергов изоляторида қоладиган бўлди.

Бишкек ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходимининг Kloop.kg билан суҳбатда айтишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити пайтида Йўл патрул хизмати ходимини уриб кетган BMW X5 русумидаги машина ҳайдовчиси уй қамоғига кўчирилган.

Ҳодиса 11 сентябр куни юз берганди. Ўшанда BMW ҳайдовчиси Хитой делегатлари ўтишлари учун ёпилган йўлдан юрмоқчи бўлган ва унинг йўлини тўсган патрул хизмати ходимини уриб кетганди.

Бундан сўнг у милиция тарафидан қўлга олинганди.

Олиб борилган тадқиқотлар қўлга олинган шахснинг маст аҳволда бўлганини тасдиқлади.

Ҳайдовчига қарши «Безорилик» моддаси бўйича жиноий иш очилган, тергов давом этяпти.

Йўл патрул хизмати ходими қўли ва оёғидан жароҳатланди.

Айни пайтда, ушбу ҳодисадан бир кун ўтиб милиция қўршовини ёриб ўтишга ҳаракат қилган пойтахтнинг икки яшовчиси икки ойга СИЗОда қоладиган бўлди.

Улар устидан ҳам «Безорилик» моддаси бўйича жиноий иш очилди, тергов давом этяпти.

«Икки киши — улар СИЗО-1да икки ойга қолади», —  деди ИИБ матбуот хизмати ходими.

Милиция таъкидига кўра, уларнинг ҳар иккаласи ҳуқуқ тартибот органлари вакилининг огоҳлантиришига қарамай, йўлдан ўтишга ҳаракат қилиб, милиция ходимига ташланган.

Бошқарма матбуот хизматининг тарқатган хабарига кўра, милиция ходимига ташланганлари учун улар 3 йилдан 5 йилгача қамалишлари мумкин.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги саммити 13-14 сентябр кунлари ўтди. Бироқ милиция шаҳар йўлларини самит бошланишидан уч-тўрт кун аввал тўсишни бошлади.

Йўлларнинг тўсилиши ўз ўрнида шаҳарликлар норозилигига сабаб бўлди, бироқ Йўл патрул хизмати пойтахтликларни «фуқаролик позициясини кўрсатишга» тарғиб қилиб, сабрлироқ бўлишга чақирди.