Жазога ҳукм этилган «Ата-Журт» лидерлари депутатликдан маҳрум бўлди

396

mamytov-tashiev-japarov
Марказий сайлов комиссия Олий суднинг «Ата-Журт» раҳнамоларига чиқарган ҳукми туфайли уларни депутатлик  мандатинидан маҳрум қилди.

Марказий сайлов комиссияси бошчиси Туйгунали Абдраимов «Ата-Журт»нинг уч депутати — Камчибек Ташиев, Талант Мамитов ва Садир Жапаров — депутатлик мандатидан маҳрум бўлганини билдирди.

Абдраимов сўзларига кўра, депутатлик фаолиятини тартибга солувчи қонунда парламентарийлар судланмаган бўлишлари кераклиги кўрсатилган.

Олий суд депутатларга нисбатан айблов ҳукмини 6 август куни кеч чиқарганди. Ҳукмни чиқариш учун судга икки йиғин кифоя қилди.

Қамчибек Ташиев ҳамда Садир Жапаров 1 йил ва 5 ойга қамоққа ҳукм қилинди — Олий суднинг бу ҳукми Биринчи май район суди депутатларга берган жазо муддатидан бир ойга кам бўлди.

Талант Мамитовга жазо чораси эса Биринчи май район суди чиқарган ҳукм билан бир хил бўлди ва у бир йиллик қамоққа ҳукм қилинди.

Депутатларнинг ҳар уччаласи ҳозир озодликда. Улар жазони 2012 йилнинг октябридан бошлаб 2013 йилнинг июнида қамоқдан чиққунларича ўтаб бўлган.

Уларнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида ўтиргани ҳисобга олиниб, у ерда ўтказилган бир кун икки кун ҳисобида саналган.

Олий суд ўзининг мазкур ҳукми билан 17 июн куни Бишкек шаҳар судининг депутатларни оқлов ҳукмини бекор қилганди.

Ҳар уччала депутат «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митинг пайтида ҳокимиятни босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланди.

Депутатларнинг ўзлари ҳукмни сиёсий сабабларга кўра чиқарилганини билдирди, уларнинг адвокатлари эса ҳукм уларни депутатлик мандатини бекор қилиш мақсадида чиқарилганини айтмоқда.

«Биз бу ҳукмни улардаги депутатлик мандатини бекор қилиш мақсадида чиқарилганини тахмин қиляпмиз. Фақат шу ният билан ҳокимият ушбу қарорни олға сурди», — деди депутатлар адвокати Искендер Журабаев.

Депутатлар маҳкама жараёнида қатор қонунбузарликлар рўй берганини билдириб, Конституцион палатага мурожаат қилмоқчи эканларини билдирди.

Ҳукумат «ата-журтовчилар» танқидига муносабат билдиргани йўқ.