Россия «Рошен»ни тақиқлагани Қирғизистонда Украина конфетлари текширилишига олиб келди

721

IMAG0138_BURST002_COVER

Қирғизистон махсус органлари Украинадан келувчи ширинликларни текширади.  Текширувлар Россиянинг «Рошен» конфетларини киргизишни тақиқлаганидан сўнг бошланди.

Қирғизистонда Украина конфетларининг текширилишига «Рошен»  ширкатининг Роспотреднадзор билан можароси сабаб бўлди — Россия ҳукумати украиналик қандолатчи маҳсулотлари сифати талабга жавоб бермаслигини билдирди ва уларни Россияга киритишни умуман маън қилди.

Қирғизистон санитар эпидемик назорати бошчиси Толо Исаков Kloop.kg билан суҳбатда Украинадан келувчи барча конфетлар лабораторик тадқиқот орқали текширилишини билдирди.

«Украинадан бизга катта миқдорда ширинликлар олиб кирилади. Биз мазкур давлатдан келувчи конфетларни текшириб, улар устида тадқиқот олиб бормоқчимиз. Агар талабларга жавоб бермаса, керакли чоралар қўлланилади», — деди Исаков.

Санитар эпидемик назорати бошчиси сўзларига кўра, тадқиқотлар 10 кун давом этади ва бундан сўнг муассаса Украина конфетларига ўз муносабатини билдиради.

«Рошен» ширкатининг Қирғизистондаги вакили Анара Жапарова Kloop.kg билан суҳбатда улар маҳсулоти барча санитар талабларга жавоб беришини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ширкат конфетлари ҳар йили керакли санитар текширувлардан ўтади.

«Бизнинг божхона органлари маҳсулот сифати ва давлат талабларига жавоб беришини далилловчи ҳужжатни кўрмагунича рўйхатдан ўтказмайди», — дейди компания вакили.

Жапарованинг билдиришича, «Рошен» конфетлари қирғиз қандолат бозорининг қарийб 40 фоизини ташкил қилади.

2013 йилнинг июл ойи якунида  Роспотребнадзор Украинанинг энг йирик қандолат ишлаб чиқарувчи ташкилоти маҳсулотларига тақиқ жорий қилди.

Роспотребнадзор бошчиси Геннадий Онишенко сўзларига кўра, «Рошен» ширинликлари давлат талабларига жавоб бермайди.

Онишенконинг билдиришича, компаниянинг сутли шоколади таркибида рак касалини юзага келтирувчи бензопирен топилган.

Россия таъқиқи ортидан «Рошен» ширкати маҳсулотларини Тожикистон, Қозоғистон, Молдова ва Белорусс ҳам текшира бошлади.