Иссиқкўл йўлидаги тирбандлик ҳайдовчиларнинг ёқалашишига сабаб бўлди

656

Иссиқкўлга олиб борувчи йўлдаги тирбандлик ҳайдовчилар орасида муштлашувга сабаб бўлди. Тирбандликка эса йўлдаги таъмир ишлари, ёмғир ҳамда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши олиб келган.

Бишкек ҳамда Иссиқкўлни боғловчи йўлдаги машиналарнинг катта оқими ҳамда йўлда олиб борилаётган таъмир ишлари трассанинг Боом дарасига олиб борувчи қисмида тирбандликни ҳосил қилган.

Ички ишлар министрлиги матбуот хизмати катта инспектори Эрнис Осмонбаевга кўра, ҳайдовчилар орасидаги муштлашув уларнинг «йўлни бўлиша олмагани» сабабли келиб чиққан.

«Тирбандликнинг ўртасида қолиб кетган ҳайдовчи ва йўловчилар уришиб кетгани сабаб, Йўл патрул хизмати ходими катта оқимдаги машиналарни тезроқ ўтказиб юбориш мақсадида заҳира йўлини очишга мажбур бўлган», — деди Осмонбаев Kloop.kg билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, таъмир ишлари олиб борилаётгани учун патрул хизмати ходими машиналарни навбатдан ўтказишга мажбур бўлган.

«Йўл патрул хизмати ходими маълум миқдордаги машинани Бишкек тарафга, сўнг яна маълум миқдордаги машинани Иссиқкўл тарафга навбат билан ўтказишган», — деди Осмонбаев.

Патрул хизмати ходими йўлни бошқариш билан «машғул» бўлгани учун, муштлашув иштирокчиларини ушламаган.

«Билайв» видео хизматига юкланган видеода бир гуруҳ ҳайдовчилар аввал юк ташувчи машина ҳайдовчиси билан муштлашгани, сўнгра унинг машинаси олди ойнасини синдирганлари тасвирга туширилган.

Ҳайдовчиларнинг ўз йўлида кетаётган оғир юк машинаси ҳайдовчисининг калтаклашларига нима сабаб бўлгани ҳозирча белгисиз.

Ҳодиса гувоҳига айланган Қирғизистондаги машҳур «Дизель» форуми фойдаланувчисининг ёзишича, муштлашувни қарама қарши йўлга чиқиб олган ва сўнг ўз йўлига ўтишга уринган ҳайдовчилар уюштирган.

Унинг айтишича, ҳайдовчиларнинг бу ҳаракатига оғир юк машинасини бошқараётган кимсанинг уларни қўйиб юбормагани сабаб бўлган.

«Мен ҳам у ерда бор эдим. Камазчи машиналарни қўйиб юборишни истамагани учун калтаклашди. Улар биринчи бизни қувиб ўтди, кейин қарама-қарши йўлдан ўз йўлларига ўтмоқчи бўлишди, лекин бу йўл ҳам машиналар билан тўла эди», —деб ёзди форум фойдаланувчиси  Arhi-dead.