Ижтимоий ривожлантириш собиқ министри Равшан Сабиров Олий суд ҳукмидан норозо бўлиб очлик эълон қилди — мулозим 23 май куни маҳкама тарафидан мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бу Сабировнинг маҳкама қароридан норози бўлиб иккинчи марта очлик акциясини ўтказиши.
Сабиров тарқатган баёнотда Олий суд ҳукми «қонунга қарши» бўлгани айтилади.
«Суд тизимининг энг олий тармоғи ёлғон ва бўҳтондан ҳазар қилмай “кимнингдир” буюртмасини амалга оширди. Мен биринчи кундан бошлаб бунинг очиқ туҳмат эканини айтиб келганман», — деб ёзилади собиқ министр тарқатган баёнотда.
Сабиров 27 май куни номаълум муддатгача овқат тановул қилишдан бош тортган.
Жазога ҳукм этилган собиқ мулозим ёқловчиси Икрамидин Айткулов Олий суд ҳукмини «чидаб бўлмайдиган ноҳақлик» деб атаганди.
«Барча нормалар бузилиб, Мирзамаметовнинг кўрсатмаларидан бошқа ҳеч бир далил кўрсатилмади», — дейди Айткулов.
Икрамидин Аткулов шунингдек Kloop.kg билан суҳбатда Олий суд қарорини БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида шикоят қилишини билдирди.
«Биз ҳукмни қайта кўриб чиқилишига имкон яратувчи ишнинг янги очилувчи тафсилотларини қидириб борамиз», — дейди Айткулов.
Маҳкама Сабиров ёрдамчиси Тахир Мирзаметовни ҳам жиноятга алоқадорликда айбдор деб топди ва уч йиллик қамоқ билан жазолади.
Ҳар иккала айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмади.
Даставвал Бишкекнинг Биринчи май район суди Сабировни оқлаб, унинг собиқ ёрдамчиси Мирзамаметовни олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этганди.
Ўшанда давлат айбловчиси собиқ министрни 15 йилга, унинг ёрдамчисини 14 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраганди.
3 октябр кунги маҳкамада Сабиров ёрдамчиси ўз кўрсатмаларини бошчиси фойдасига ўзгартирганди — у Сабировнинг айбсиз эканини таъкидлай бошлаганди.
Бош прокуратура 2012 йилнинг июл ойида Сабиров ёрдамчиси Тахир Мирзахметов баёнотига таяниб, собиқ мулозимга қарши жиноий иш қўзғаганди.
Махсус хизмат ходимлари Сабировни 5 июл куни қўлга олганди.
Мулозим ўзига қўйилаётган барча айбловларни рад этиб келади.
«Мен айбловнинг бирор биндига ҳам рози эмасман. Мен ҳеч кимдан пора талаб қилмаганман», – деганди Сабиров ўз иши бўйича ўтаётган маҳкамаларнинг бирида.