Шифокорлар отаси тарафидан тахминан зўрланган 3 ёшли бишкеклик қизалоқни 14 май куни касалхонадан чиқарган. Ҳуқуқ ҳимоячилари қизалоқ яқинлари уни жуда эрта олиб кетганларидан ҳавотирда.
Қизалоқнинг қариндошлари тарафидан муддатидан аввал касалхонадан олиб кетганларини «Лига защиты прав ребенка» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Назгуль Турдубекова хабар қилди.
Ҳуқуқ ҳимоячи сўзларига кўра, қизалоқ шифохонада ўтказган уч ҳафтанинг ичида тўлиқ тузалиб кетиши мумкин эмас эди.
«Унда 12 марта пичоқ билан берилган жароҳатлар бор эди. Катта ёшдаги инсонда пичоқдан берилган жароҳат бир ойда битади, бу эса яқиндагина реанимациядан чиққан 3 ёшли қизалоқ», — деди у Kloop.kg билан суҳбатда.
Турдубековага кўра, қизалоқни жиноятда гумонланаётган отаси Усен Сакатаевга жазони енгиллатиш учун шифохонадан олиб кетишган.
«Қизча яқиндагина реанимациядан чиққан эди. У узоқ муҳлатли муолажага муҳтож. Фикримча, бунинг барчаси қайсидир йўл билан отаси айбини енгиллатиш», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
ИИМ матбуот хизмати ходими Эрнис Осмонбаев Kloop.kg билан суҳбатда қизалоқ шифохонадан чиқарилганини тасдиқлади.
«Шифокорларнинг ўзлари чиқариб юборишган. Улар бизга бу ҳақда маълумот беришмаяпти», — деди Осмонбаев.
Унга кўра, қизалоқнинг касалхонадан чиқарилиши тергов ишига таъсирини ўтказмайди.
Соғлиқни сақлаш министрлиги маълумотларига кўра, қизалоқ аҳволи ҳозирда «қониқарли» ҳолатда ва у фақат пластик операцияга муҳтож.
Бишкек яқинидаги «Мурас Ордо» мавзеи яшовчиси уч ёшли қизини калтаклаганлик ва зўрлаганликда айбланиб қўлга олинган эди.
ИИМ матбуот хизмати ходими Сеитов маълумотларига кўра, тиббий экспертиза қизалоқнинг зўрланганини тасдиқлаган.
Гумонланувчига қўйилаётган айбловлар тасдиқланса, у 25 йилгача қамалиши мумкин.
Ҳодиса 25 апрел куни Бишкекнинг Биринчи май тумани яқинида жойлашган «Мурас Ордо» мавзеида юз берган.
Тергов талқинига кўра, Усен Сакатаев ўша куни уйига маст ҳолда келган ва аёлини кичик боласи билан кўчага ҳайдаб чиқиб, уй ичида қолган уч ёшли қизалоғини зўрлаган. Бундан сўнг у қизчани қўшнисиникига олиб чиққан.
«Унинг ўзи қизчани қўшнилариникига олиб келган ва қўлимдан тушиб кетди деб айтган. Қизалоқ қонга беланган бўлган», — деганди ИИМ матбуот хизмати ходими Эрнис Осмонбаев.