Топ-лига: «Дордой» 4-0 ФЦ-95

557

IMG_0135-450x300

Қирғизистоннинг футбол бўйича амалдаги чемпиони «Дордой» янги мавсумни йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади.

2013 йилги мавсумнинг биринчи учрашувини «Дордой» ҳужумкор ўйин билан бошлади — учрашувнинг 9 дақиқасида пойтахтликлар ҳужумчиси Мирлан Мурзаев ФЦ-95 икки ҳимоячисини ортда қолдириб дарвозага тўпни аниқ йўллади ва жамоасини олдинга олиб чиқди.

Урилган голдан руҳланган дордойликлар орадан тўрт дақиқа ўтиб ҳисобни янада йириклаштирди — бу сафар пойтахтликлар ўйинчиси Девид Тэтте майдонда ўзини кўрсатди. Ҳисоб 2:0.

Икки голдан сўнг ўйин суръати тушиб кетди ва «Дордой»нинг ўйиндаги устунликни қўлдан бой бермаганига қарамай, биринчи бўлим сўнгигача ҳисоб ўзгармади.

Танаффусдан сўнг жамоалар беллашувни давом эттиришди ва 76 дақиқада ФЦ-95 ҳимоячиси ўз жарима майдонида қўли билан ўйнагани учун, ҳакам улар дарвозаси томон пеналти белгилади.

11 метрлик жарима тўпидан унумли фойдаланган Мурзаев орадаги голлар нисбатини учтага кўпайтирди.

Орадан 11 дақиқа ўтиб эса бу йилги мавсумининг биринчи хет-триги қайд этилди — дарвозабон билан яккама-якка қолган Азамат имкониятни бой бермади ва ҳисобни 4:0 га олиб чиқди.

Футбол бўйича Қирғизистон топ-лигасида бу йил саккиз жамоа беллашади.

Лиганинг кейинги ўйинлари 4 май куни Ўшда ўтади. Унда Ўшнинг маҳаллий клуби «Алай» Нориннинг «Ала-Тоо» жамоасини қабул қилса, Қўчқоротанинг «Нефтчи» жамоаси «Абдиш-Ата»га қарши ўйинга тушади.