Россия ўз худудига МДҲ фуқароларини ички паспорт билан киришини тақиқламоқчи

849

visa

IMG_9094

Россия Бош вазирмуовини Дмитрий Рогозин МДҲ фуқароларини ички паспорт билан Россияга киришини тақиқлаш лозимлигини билдирди.

Рогозин ички паспортларни «шахсиятни аниқлаш мумкин бўлмаган ҳужжат» деб атади.

«Фуқаро шахсини аниқлаш мумкин бўлмаган ҳужжатлар билан Россияга киришни тақиқлаш лозим, деб ҳисоблайман», — деб мулозим сўзларидан иқтибос келтиради «Дождь» телеканали.

«Дождь» телеканали маълумотларига кўра, таъқиқ бир неча ой ичида жорий қилиниши мумкин.

Рогозинга кўра, Россиянинг қўшни давлатлар билан ўтиш режими ўз фуқаролари учун Европа визаларини бекор қилишга ҳалал беряпти.

Россиялик миллатчилар феврал ойи бошида Марказий Осиядан келувчи меҳнат муҳожирлари учун виза жорий қилиш таклифи билан чиққанди.

Россия бўйлаб «Стоп-миграция» кампаниясини бошлаган «Национальная сила» ҳаракати фаоллари 2 феврал куни Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига визани мажбурий қилишни талаб қилиб Москвада митингга чиқишганди.

«Ридус» ахборот агентлиги маълумотига кўра, митингда 300га яқин киши иштирок этган.

Мигрантларга қарши қарор учун имзолар интернетда ҳамон йиғиляпти.

Кампания ташкилотчилари 100 мингдан ошиқ имзо тўплаб, президент Путинга топширишмоқчи.

«Биз президент тарафидан Думага қонун ташаббуси тақдим этилишини талаб қиламиз, айни маҳалда Марказий Осиё давлатлари билан визавий режимни ўрнатиш даркор», —деганди ҳаракат етакчиси Соловьев.

«Озодлик радиоси» тожик хизматининг «Стоп-миграция» иштирокчиларига таяниб ёзишича, муҳожирлар сабаб Россияда жиноят, миллатлар аро зиддият, нарко тижорат, умум иш ҳаққининг озайиши кузатилган.

Қирғиз диаспоралари ассоциациясининг миграция масалалари бўйича координатори, «Замандаш» ташкилоти аъзоси Азамат Айтбаев Россия ҳукумати Марказий Осиёга виза режимни киргизмаслигини айтади.

«Россияга иш кучи керак, шунинг учун у виза режимини киргизмайди », —дейди у.

«Замандаш» ташкилоти маълумотларига кўра, қирғиз меҳнат муҳожирлари Россиядаги этножиноятчиликда сўнги ўринда туради ва чегарани ўтишдан аввал тиббий кўрикдан ўтади.

Авторы: Зарема Султанбекова