Бош прокуратура Бакиев жиянига амнистияни бекор қилди

648

Ҳокимиятдан қувилган президент Қурманбек Бакиев яқини Санжар Бакиев яна икки йилга яқин қамоқда қолади. 20 март куни у озодликка чиқиши керак бўлган амнистияни Бош прокуратура бекор қилди.

Қурманбек Бакиев жияни қамоқда яна бир йил ва етти ойни ўтказади — буни Жазони ўташ давлат хизмати матбуот хизмати ходими Элеонора Сабатарова Kloop.kgга тасдиқлади.

«Бош прокуратура амнистияни бекор қилгани учун, Санжар Бакиев ахлоқ тузатиш колониясида қолади», — деди Сабатарова.
У прокуратуранинг нима сабабдан амнистияни бекор қилганини билмаслигини айтди.

Бош прокуратурадан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Санжар Бакиев Жалолободда 2010 йилнинг 14 май куни тўполонлар уюштирганлик ва ҳокимият вакилларига қарши қурол ишлатганликда айбланганди.

Ўшанда ҳокимиятдан қувилган президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари Жалолобод области маъмурияти биносини босиб олганди. Муваққат ҳукумат ва унинг тарафдорлари уларни бинодан қувиб чиққан, тўқнашувлар сабаб ўша куни икки одам қурбон бўлган ва 63 киши жароҳат олганди.

Жалолобод област маҳкамаси 2010 йилнинг ноябрида собиқ президент жиянини 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди, бироқ кейинчалик Олий суд ҳукмни енгиллатиб, уни 5 йилга туширган.

Кейинроқ Қирғизистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан унга амнистия қўлланган ва у 2013 йилнинг 20 мартида қамоқни тарк этиши керак эди.