Чақирув кубоги: Тожикистонни енган Қирғизистон мусобақанинг финал босқичига чиқди

636

Ҳал қилувчи ўйинда рақиби Тожикистонни кичик 1:0 ҳисобида мағлуб этган Қирғизистон термаси ОФК Чақирув кубоги финал босқичига йўл олди.

Саралаш баҳсларининг аввалги ўйинлар каби бу учрашувда ҳам ягона голга Қирғизистон термаси форварди Дэвид Тетте муаллифлик қилди.

Ўйиннинг 41 дақиқасида ўнг қанотдан Маки Кума тўпни ошириб берганидан сўнг, Тетте учун тўпни дарвоза томон йўллаб қўйиш қолганди ва «Дордой» футболчиси буни бехато уддасидан чиқди.

Тўпни қайтаришга ожиз қолган тожик дарвозабони Алишер Тўйчиев бошқа ҳолатларда хатосиз ўйин кўрсатди ва ташкилотчилар тарафидан беллашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ўз гуруҳида юз фоизлик натижани кўрсатган Қирғизистон жамоаси 2014 йилда Малдив оролларида ўтиши кутилаётган Осиё футбол конфедерациясининг Чақирув кубоги финал босқичига йўл олди.

ФИФА рейтингида юқорироқ ўринда борувчи Тожикистонга қарши ўйин майдон эгалари Қирғизистон термаси устунлигида ўтди.

Майдон эгалари ўйинчиси Вадим Харченко ўйиннинг 13 дақиқасидаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилганди, бироқ қирғизистонликлар сардори Руслан Сидиков ўйиндан ташқари ҳолатда қолганини кўрсатган суриялик ҳакам голни инобатга олмади.

Аввалги ўйинлар каби Қаюмжан Шарипов қанотда жуда фаол ўйин кўрсатиб, бир неча бор майдон марказига тўпни еткизиб берди.

35 дақиқада Теттедан тўпни қабул қилган Шарипов тўпни ҳимоячи устида ошириб дарвозабон билн яккама якка ҳолатда қолган эди, бироқ рақиб дарвозабон бу ҳолатда чаққонроқ ўйин кўрсатиб тўпни эгаллаб олди.

Тожикистон 70 дақиқада ўйиндаги гол уриш учун энг қулай вазиятдан фойдалана олмади — дарвозабон билан яккама якка чиққан Ибрагим Рабимовнинг зарбасини қирғизистонликлар голкипери Максим Агапов қайтаришга эришди.

Ўйин сўнггида Тожикистон термаси ҳужумга зўр бериб, жамоанинг қарийб барча ўйинчилари майдоннинг рақиб тарафига ўтиб кетди, бироқ прессингга қарамай улар қирғизситонликлар ҳимоясини ёриб ўта олмади.

Бу учрашувда Қирғизистон терма жамоаси жуда катта қўлловга эга бўлди — Бишкекнинг Омурзаков номидаги ўйингоҳни тўлдирган мухлислар тинмай жамоани руҳан қўллаб турди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқасида милиция ҳимоясини ёриб ўтган бир мухлис мадонга кириб дарвозабон Максим Агаповни қучоқлаб олди.

Қирғизистон Бишкекда ўтган В гуруҳи саралаш баҳсларининг барчасида ғалабага эришди. Гуруҳ ўйинларида бирорта ҳам гол қўйиб юбормаган жамоа Малдивда ўтувчи мусобақанинг финал босқичига фаворит қатори йўлланмани қўлга киритди.

Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийси Сергей Дворянков ўйиндан сўнг мухлисларга миннатдорчилик билдирди:

«Майдоннинг тўлиб тошгани ва ғалаба учун ишонч — фикримча бунинг барчаси бирлашиб натижа берди», — деди Дворянков ўйиндан сўнгги матбуот анжуманида.

Тожикистон бош мураббийси Никола Кавазович рақиб ўйинчиларининг яхши ўйин кўрсатганини тан олди:

«Ўйиннинг биринчи бўлимида майдонда фақат бир жамоа — Қирғизистон ўйин кўрсатди», — деди у.

Мазкур мағлубиятдан сўнг Тожкистон Чақирув кубоги финал йўлланмасини қўлдан бой берди.

Чақирув кубоги — Осиёнинг қуйи рейтингли жамоалари ўртасида ўтувчи мусобақа. Музкур мусобақа ғолиби 2015 йили Австралияда ўтувчи футбол бўйича Осиё чемпионатига йўл олади.