Чақирув кубоги: Қирғизистон термаси Покистонни мағлуб этди

572

Футбол бўйича Қирғизистон терма жамоаси Осиё футбол конфедерацияси Чақирув кубоги саралаш баҳсларида иккинчи ғалабани қўлга киритди. Покистонлик рақибларини кичик ҳисобда мағлуб этган қирғизистонликлар олдида ҳал қилувчи ўйин қолди.

Қирғизистонликлар учрашувдаги ягона голни ўйиннинг биринчи дақиқасидаёқ киргизишга эришди — ярим ҳимоячи Қаюмжан Шариповнинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпини ҳужумчи Дэвид Тетте дарвоза томон йўллаб, Қирғизистон термасини олдинга олиб чиқди.

Голдан сўнг ўйин суръати кескинлашди — Қирғизистон рақибига нисбатан кўпроқ ҳужум қилишга эришди, бироқ покистонлик футболчилар уюштирган ҳужумлар ҳам анча кескин тус олиб, Қирғизистон дарвозабони Павел Матяшни қийин аҳволга солди.

Яқин кунлардан буён Нижнегороднинг «Волга» сафида тўп сураётган Валерий Кичин ўйиннинг биринчи бўлимида бир неча бор рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга эришди, бироқ унинг зарбаларига бироз аниқлик етишмади. Ўйиннинг 17 дақиқасида Валерийнинг йўллаган зарбаси хавфли тус олганди, аммо покистонликлар дарвозабони Юсуф Батт тўпни қайтаришга эришди.

Покистон ўйиндаги энг хавфли вазиятни 37 дақиқада яратишга эришди. Рақиб ҳужумчиси Адел Қирғизистон термаси ҳимоячиларини алдаб жарима майдончаси марказига тўпни узатди, бироқ қирғизистонликлар дарвозабони чаққонроқ ўйин кўрсатиб тўпни қайтаришга эришди.

Ўйиннинг иккинчи бўлимида эса ўйин суръати тушиб кетди, ўйинчиларнинг қўполликлари сабаб учрашув бир неча бор тўхтатилди.

Қирғизистон терма жамоасининг икки футболчиси — Шарипов ва жамоа сардори Руслан Сидиков ўйинни чўзганликда айбланиб, сариқ карточка билан жазоланди.

Қизил кийимда ўйинга тушган қирғизистонлик чарм тўп усталари учрашув якунигача ҳисобни сақлаб қолишга эришиб, икки ғалабадан сўнг олти очко жамлай олди.

Қирғизистоннинг асосий рақиби ҳисобланган Тожикистон ҳам ҳудди шунча очкога эга, бироқ киритилган ва қўйиб юборилган голлар ҳисобига Тожикистон гуруҳда биринчи ўринни, Қирғизистон эса иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ўйиндан сўнг ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон термаси бош мураббийи Дворянков асли ганалик Дэвид Теттега фуқаролик берган мулозимларга миннатдорчилик билдирди. Чақирув кубогидаги Қирғизситоннинг ҳар иккала голига айнан шу футболчи муаллифлик қилди.

«Бугун ўйинчилардан шикоят йўқ», — деди Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийси.

Матбуот билан сўзлашишни хоҳламаган Покистон терма жамоаси мураббийси Завиша Милославлевич фақат қирғизистонликларнинг жамоавий ўйин кўрсатганини таъкидлаш билан чекланди.

В гуруҳининг марказий учрашуви 21 март куни ўтиши кутилмоқда. Марказий осиёликлар дербисида ҳисобида 6 очкодан жамлаган Қирғизистон ҳамда Тожикистон терма жамоалари беллашади.

Покистон ва Макао гуруҳдан чиқиш учун барча имкониятларни қўлдан бой берди.

Футбол бўйича ўтказилувчи Чақирув кубоги сараш баҳсларида Қирғизистон термаси қўшни Тожикистон, Покистон ва Макао билан бир гуруҳга тушган эди.

Саралаш баҳсларида беш гуруҳга бўлинган Осиёнинг 20 жамоаси беллашади. Гуруҳлар ғолиблари ва энг яхши натижа кўрсатиб иккинчи ўринни эгаллаган икки жамоа 2014 йил Малдивда ўтиши кутилаётган мусобақанинг финал босқичига йўл олади.