Бишкек мэрияси Рус драма театрининг рус тилидаги баннерларини олиб ташлади

567

Бишкекнинг Рус драма театри баннерларидаги эълонларни қирғиз тилида ҳам ёзмагани учун баннерсиз қолди. Театр директори Борис Воробьев буни миллатчиликка йўйиб, яқин кунларда уни ҳам ишдан олишларини башорат қилди.

Бишкек мэрияси реклама департаменти ходими Алишер Хажиев Kloop.kg билан суҳбатда улар департаменти театрни спектакль ва бошқа тадбирларни фақат бир тилда ёзгани учун бир неча марта огоҳлантирганини айтди.

«Ҳозирги рекламаларда давлат тили қонунини бузиш ҳолатлари кузатилади. Огоҳлантиришларга қарамай, реклама соҳиблари бунга эътибор беришмади. Ҳозирда рекламаларни олиб ташлаш ишлари олиб бориляпти», — деди Хажиев.

Хажиев рекламанинг олиб ташланиши замирида сиёсий сабаблар йўқлигини айтиб, қўйилган талабларга жавоб бермаган ҳар қандай рекламани олиб ташлашини билдирди.

«Биз талабга жавоб бермаган ҳар қайси рекламани олиб ташлашимиз мумкин», — деди пойтахт мэрияси ходими.

Kloop.kg мухбири реклама департаменти ходими Хажиевдан театр тўғрисида жойлашган «Арома-пицца» рекламаларида ҳам қирғиз тилидаги текстнинг йўқлиги нима учун мэрия эътиборидан четда қолаётганини сўраганда у: «Кейинги сафар Арома бўлади» деб жавоб берди.

Театр директори Борис Воробьев мэрия ҳаракатларини «мародерлик» ва «миллатчилик кўриниши» деб баҳолади.

«Биз қирғиз тилида ишламаймиз, бизда таржимон ҳам йўқ. Биз рус тилини билмаганларга мурожаат қилмаймиз, биз фақат рус тилини билганлар билан ишлаймиз. Биз фақат рус маданиятини ривожлантириш учун очилганмиз», — деди Воробьев биз билан суҳбатда.

Мэрия ходимлари 1 март куни Воробьевга келишган, бироқ ўшанда у спектакльлар баннерларини олиб ташлашга рухсат бермаганди.

Театр директори маданият министрлиги билан бўлган можародан кейин уни ишдан олишга ҳаракат қилишаётганини билдирмоқда — ўшанда директор уни лавозимида қолиши учун министрлик пора талаб қилаётганини даъво қилганди.

«Мени директорликдан олишгандан кейин, кўрасиз — спектакльлар олиб ташланади, Рус драма театри спектакльларсиз, овозсиз, светсиз қолади, ҳашаматли бинодан бўлак нарса қолмайди», — дейди Воробьев.

Ўз ўрнида маданият министрлиги феврал охирида Воробьевни Рус драма театри биносини маданиятга алоқаси йўқ бир неча муассасаларга ижарага бериб юборганликда айблаганди.