Аноним инсоннинг милицияга қўнғироқ қилиб «Трибуна» газетаси таҳририятидаги «қора қутича» ҳақида хабар қилгандан сўнг милиция офисда тинтув ўтказди. Тинтув вақтида офисдан уч граната топилган.
Ички ишлар бошқармасининг Первомай бўлимига аноним қўнғироқ 4 март куни саҳар келиб тушган — бу ҳақда Ички ишлар министрлиги матбуот котиби хабар қилди.
Номаълум шахс милицияга «Трибуна» газетаси офисидаги «қора қути» ҳақида хабар қилган.
Ҳодиса жойига милиция МХДҚ ходимлари билан бирга чиққан. Тезкор ходимлар таҳририят офисида 3 граната топган.
«Трибуна» рўзномаси бош муҳаррири Ырыскелди Омурзаков Kloop.kgга берган интервюда топилган гранаталар унга ҳам, унинг ходимларига ҳам тегишли эмаслигини билдирди. У гранаталарнинг қай тариқа офисга келиб қолганини билмаслигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, у 2010 йили Қирғизистон жанубида юз берган воқеалар ҳақида китоб ёзгани ва унда Муваққат ҳукуматни очиқчасига айблагани учун таъқиб қилишаётганини тахмин қилади.
Рўзнома муҳаррири биринчи бўлиб тинтув ўтказган милиционерлар гуруҳи офисдан ҳеч нарса тополмаганини, улар ортидан келган ИИБ ва МХДҚ ходимлари келганидан сўнг гранаталар топилганини хабарлади.
«Кейин ИИБ ва МХДҚ ходимлари келишди. Уларга ҳам 3 қаватдаги 20 хонада бомба жойлашгани ҳақида аноним қўнғироқ келган.
Улар тинтув ўтказди ва 3 граната топишди», — деди Омурзаков.
Ҳозирча ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилмади. ИИМ тергов кетаётганини хабар қилмоқда.