Хорижий паспортларни тайёрлаш июл ойидан давлат тасарруфига ўтади

637

Ҳозирда қирғиз паспортларини тайёрловчи ширкат паспортларни тайёрлаш давлат тасарруфига ўтгунча, улар ширкати 130 минг дона паспорт тайёрлаб бериши кераклигини билдирмоқда.

Ҳозирда қирғизистонликлар паспортларини тайёрловчи «Интел Линкс» ширкати директори Таалайбек Жумадилов Kloop.kg билан суҳбатда давлат компания билан битим тузишда муддатни эмас, балки ишлаб чиқарилган хорижий паспорт сонини келишганини билдирди.

«Фикримча, хорижий паспортларни тайёрлаш жараёни яна тўрт ойдан кам бўлмаган вақтни эгаллайди, бундан кейин эса ҳужжатларни тайёрлаш давлат тасарруфига ўтади», — деди Жумадилов.

Жумадилов айтаётган сўзлар 2012 йилнинг кузида бир қатор ОАВ тарқатган маълумотга хилоф келади. Ўшанда маҳаллий матбуот 2013 йилнинг март ойидан бошлаб «Инфоком» давлат корхонаси паспортларни тайёрлашни бошлашини билдирганди.

Бироқ «Инфоком» пиар менежери «Интел Линкс» ширкати директори Таалайбек Жумадилов айтган сўзларни тасдиқлади.

Жумадилов давлат паспортларни тайёрлашга ҳали тайёр эмас, деб ҳисоблайди.

«Бугунги кунда «Инфоком» давлат ширкати паспорт тайёрлашда бизнинг компаниямизни тўлиқ ўрнини боса олишига шубҳа қиламан», — деди у.
«Инфоком» давлат корхонаси 2012 йилнинг октябр ойидан ID-карт тайёрлай бошлаган. Жумадилов сўзларига кўра, аксар қирғизистонликлар компания тарафидан ишлаб чиқилган паспортлар сифатидан нолимоқдалар.

«Инфоком» етакчиси Кирилл Исмаилов ширкатга қўйилаётган айбловларни рад этди.

««Инфоком» давлат ширкатига аҳолидан ҳеч қандай шикоят келиб тушмади», — дейди у.

Депутат Жылдызкан Джолдошева аввалроқ парламент йиғинида «Интел Линкс» ширкатини коррупцияда айблаб, миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда антимонополия қўмитасига компаниядаги коррупцион тизимларни текширишни топширганди.

«Интел Линкс» компанияси 2004 йилдан буён қирғизистонликлар учун паспорт тайёрлаб келади. Бу вақт ичида компания 3 миллиондан ошиқ ID-карт ва 2 миллиондан зиёд хорижий паспортлар ишлаб чиққан.