Бишкек мэрияси фаолларга жавобан шанбалик ўтказади

561

Бишкеклик фаоллар шанба куни шаҳардаги ахлатни тўплаб, уни пойтахт мэрияси олдига олиб келишни ва шаҳар мэри истефоси учун имзо йиғишни режалаштирмоқда. Мэрия ўзининг шанбалигини ўтказишни ваъда қилди.

Бишкек мэрияси яқинида ахлатни тўплаш ғояси Фейсбукдаги «Иса, кетсин» («Иса, уходи») саҳифаси муаллифларига тегишли.
Фаоллар социал демократлар вакили Иса Омуркуловнинг шаҳар бошчиси лавозимида қолишига қарши чиқмоқдалар.

Ўзларининг шаҳар ифлослиги ҳақидаги шикоятларини фаоллар ўзгача турда — пойтахт кўчаларидаги ахлатларни йиғиб, уни Бишкек мэрияси олдига олиб келиш акциясини ўтказиш билан билдиришмоқчи.

Бундан ташқари, «Иса, кетсин» саҳифаси муаллифлари мэр истеъфоси учун онлайн петиция ҳам йиға бошлашди.

Мақола тайёрланиш вақтида «Фэйсбук»нинг 200дан ошиқ фойдаланувчиси 2 март куни ўтувчи акцияга иштирок этишини билдиришган.

Яна 100 яқин фойдаланувчи “эҳтимол” боришини таъкидлаган.

Омуркуловга қарши чиқаётганлар шунингдек йўлларнинг ёмонлиги ҳамда шаҳарнинг кўримсиз бўлиб бораётганидан шикоят қилишади.

Бишкек мэриясида мазкур акция ўтиб, фаоллар шаҳар ахлатларини мэрияга олиб келса уларга қандай чора кўрилишини Kloop.kg мухбирига айта олишмади.

Бу акцияни изоҳлашдан бош тортган Бишкек мэрияси ўз ўрнида апрел ойида шаҳарни ахлатдан тозалаш бўйича акция ўтказишини билдирди.

«Онгсиз фуқаролар жоиз бўлмаган жойларга ахлатларни ташлаб кетишади ва шунингдек Бишкекда қаерга тўғри келса шу ерга ахлатни ташлаб кетадиганлар ҳам топилади», — дейишди Бишкек мэрияси матбуот хизматида.

Омуркуловга қарши акция Фейсбук фойдаланувчилари орасида турлича муносабатга сабаб бўлди.

«Ҳафа бўлманг, лекин бунинг барчаси бир пул. Бу тақсир [Иса Омуркулов] қачон Атамбаев [Алмазбек Атамбаев] кетса, ўшанда кетади», — деб ҳисоблайди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Кубаничбек Ибраев.

Фойдаланувчи Эркин Рискилбеков билъакс, акция уюштирувчиларини қўллаб, ҳар қандай об-ҳавода унда иштирок этишга тайёрлигини ёзди.

«Ўша куни бўрон бўлса ҳам!», —деб ёзди у тадбир саҳифасида.

Ички ишлар матбуот хизмати ўтилажак тадбирни шарҳлай туриб ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари фақат ижтимоий тартибни сақлашни таъминлашга ҳаракат қилишларини билдирди.

«Биз акцияларга аралашмаймиз. Бизнинг вазифамиз — тартибни сақлаш. Агар кимдир қонунни бузса, бунга қарши чора кўрилади», — деди ИИМ матбуот хизмати ходими Kloop.kg журналистига.

ИИМ матбуот хизматида тўпланган ахлатни мэрияга олиб келиш қонунни бузиш қатори ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини аниқ айта олишмади.

«Ҳозир аниқ айта олмайман. Бу қонунда кўзда тутилганми ёки йўқми, билмайман», — деди министрлик матбуот хизмати ходими.

Бу «Иса, кетсин» саҳифаси муаллифларининг Омуркуловга қарши ўтказаётган биринчи акцияси эмас.

Жорий йилнинг январ ойида «Фэйсбук»нинг мингдан ошиқ фойдаланувчиси Омуркулов истеъфосини «лайклаган» эди.

«Иса, кетсин» муаллифлари “лайклар” сони 10 мингдан ошса, Бишкек мэрини лавозимини тарк этишга чақиришганди.

Мэрия бунга жавобан бу ташаббус ҳеч нарсани англатмаслигини билдирганди.