Бош прокуратура журналист мақоласидан сўнг парламент мулозимларини текширишни бошлади

620

24.kg сайтида ёзилган мақолага мувофиқ, парламентга сотиб олинган компьютер дастурлари текширилади.

24.kg ахборот агентлиги бош муҳаррири Асел Оторбаева ўз мақоласида Жўғўрқу Кенешдаги молиявий ҳуқуқбузарликларни ёзиб чиқди.

Журналист келтирган далилларни текшириб, Бош прокуратура бу ҳуқуқбузарликлар юзасидан жиноий иш қўзғади.

24.kg сайтидаги мақолага мувофиқ, парламент бошқармаси мулозимлари парламент компьютерлари учун дастурлар сотиб олиш мақсадида икки тендер ўтказишган ва уларда маҳсулот нархини 9 миллион сомга ошириб ёзишган.

Мақоладаги далилларни ўрганар экан, Бош прокуратура парламент маъмурияти сектори бошчисининг ноқонуний равишда ишга қабул қилинганини ҳам аниқлаган.

Иссиқкўл области прокуратураси ҳам мақолада тилга олинган «Алтын-Куль» пансионатидаги молиявий ҳуқуқбузарликларни текширяпти.

Парламент матбуот хизматида мазкур жиноий ишлар ҳақида ҳеч нима эшитмаганларини билдиришди.

Парламентдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги мақола парламент депутати Қурмантай Абдиевнинг журналистларга «Жўғўрқу Кенеш аъзоларининг қанча маош олиши билан кимнинг нима иши бор?» қабилидаги билдирувидан сўнг чоп этилди.

«Давлатнинг қонун чиқариш ҳокимияти вакилиги эслатиб ўтмоқчиман, “сенинг ишингмас” деб бировларнинг ишига бурнини суқаётганга айтилади. Жўғўрқу Кенеш депутатлари солиқ тўловчилар ҳисобига нафақат яшашади, балки бизнинг ҳисобга хорижий командировкаларга боришади, телефонда бепул сўзлашишади, дам олишади ва отпускнойлар олишади, премиялар, моддий ёрдам ва бошқа имтиётлар олгани учун бу бизнинг ишимиз», — деб ёзди Оторбаева ўзи аниқлаган қонунбузарликларнинг рўйхатини келтираркан.